ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши муносабати билан Швециянинг Стокгольм шаҳрида “Самарқанд – ипак йўлининг марвариди” номли маданий тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Миллий университети ташкилотчилигида ўтган мазкур тадбирда миллий давлатчилигимизнинг уч минг йиллик тарихи, асрий анъана ва қадриятлари, маданий мероси тарғиб қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Миллий университети делегацияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон элчихонаси вакиллари, Швециянинг сиёсий ва ишбилармон, маданий доира вакиллари ҳамда Стокгольмда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар иштирок этишди.
Ўзбекистоннинг Швециядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳматулла Нуримбетов Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги ҳамкорлик, таълим соҳасидаги алоқалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Маджидов Самарқанд шаҳрида илк бор ўтказилиши режа қилинган ЮНЕСКО Бош конференциясининг аҳамияти, нуфузли анжуманга тайёргарлик жараёнлари ҳамда юртимизнинг бой маданий мероси ҳақида сўз юритди.

“FreedomTravel” саёҳат журнали асосчилари, швециялик сайёҳлар Питер ва Ҳелена Бергстрем Ўзбекистонга қилган сафар таассуротлари, жонажон ватанимизнинг туристик салоҳияти билан ўртоқлашишди.
Тадбир якунида Ўзбекистон давлат филармонияси хонандаси Аслиддин Дўстов бошчилигидаги санъаткорлар ҳамда Миллий университетнинг иқтидорли талабалари ижросида ЮНЕСКО бутунжаҳон номоддий маданий меросига рўйхатига киритилган ўзбек миллий куй-қўшиқлари ва рақслари ижро этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА