Шуманайда оилавий тадбиркорлик ривожланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, камбағалликни қисқартириш, ишсиз фуқароларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида ҳам аҳолининг ўз меҳнати ва тадбиркорлиги орқали даромад топиши учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Жорий йил бошидан буён туманда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан 1 минг 53 нафар фуқарога жами 19 миллиард 379 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А. Оринбаевнинг топшириғига мувофиқ, ишсиз фуқароларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига жалб этиш мақсадида 152 нафар фуқарога 190 та асбоб-ускуна олиб берилди.
Туманда чорвачиликни ривожлантириш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 474 бош наслли қўй олиб келиниб, имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан аҳолига тарқатилди. Айни пайтда наслли йирик шохли қорамоллар келтириш бўйича ҳам ишлар давом эттирилмоқда.
Шуманай тумани марказидан 30 километр узоқликда жойлашган “Деҳқонобод” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Шуҳрат Оразимбетов ҳам яратилган имкониятлардан самарали фойдаланмоқда. Уй шароитида термопанеллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида унга банк маблағлари ҳисобидан 98 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
[gallery-31326]
Айни пайтда Шуҳрат Оразимбетов фарзандлари билан биргаликда уй шароитида термопанеллар ишлаб чиқариб, буюртмалар асосида маҳсулот тайёрламоқда.
Мазкур фаолият оила учун қўшимча даромад манбаи яратиш билан бирга, аҳолининг қурилиш соҳасида талаб юқори бўлган маҳсулотларни яқин ҳудуддан харид қилиш имкониятини ҳам кенгайтирмоқда.
Янги лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида замонавий қурилиш материалларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш, янги даромад манбаларини шакллантириш ва келгусида қўшимча иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
Бундай ташаббуслар аҳолининг тадбиркорликка қизиқишини ошириб, ўз меҳнати, билими ва ташаббуси орқали даромад топишига хизмат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА