Маълумки, шу кунларда Тожикистоннинг Душанбе шаҳри “Марказий Осиё – Россия” форматидаги иккинчи саммит ва МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишига мезбонлик қилмоқда. Бўлажак тадбирлар кун тартибидан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика ва инфратузилма йўналишларини биргаликда ривожлантириш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалалари ўрин олган.
Шунингдек, етакчилар халқаро кун тартиби ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ долзарб жиҳатларни ҳам муҳокама қилади. Анжуманлар якунида амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор қўшма ҳужжатлар имзоланиб, қарорлар қабул қилиниши кўзда тутилган.
ЎзА мухбири “Дунёга назар” таҳлилий дастури орқали сиёсатшунос Шуҳрат Расулнинг ушбу муҳим йиғин хусусидаги фикри билан қизиқди.
– Душанбедаги саммитлар давомида, энг аввало, Марказий Осиё етакчилари – Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақанинг қолган давлатларига интеграция намунасини кўрсатиши керак. Бу икки давлат салоҳияти жуда юқори. Масалан, ўзаро савдо айланмасида Қозоғистон учун Ўзбекистон бешинчи ўринда, Ўзбекистон учун эса Қозоғистон тўртинчи ўринда туради. Яъни, бу ўринда иқтисодий ҳамкорлик жуда катта аҳамият касб этади.
Республикамиз бошқа давлатлар билан ҳам охирги икки-уч йил ичида олди-сотдини кучайтиряпти. Хуллас, Марказий Осиё иқтисодий интеграциясини тўлақонли амалга ошириш учун энди алоҳида институционаллашиш даври келди. Ҳозирча бизда институционал ташкилот йўқ. Яъни, Маслаҳат кенгашини яна бир поғона кўтариб олиш имкони бор.
Кўрсатувнинг тўлиқ шаклини ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/MLH3NtJm5zw?si=6Wz8Oq1_svIT74XK" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўткир Алимов,
Нишонбой Абдувоитов (видеомуҳандис),
ЎзА