Шўрўзак коллекторида сув ифлосланиши ҳолати аниқланди
Сирдарё туманидаги Шўрўзак коллекторида сув ифлосланиши ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, бош бошқармага коллекторнинг ифлосланганлиги юзасидан мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаат асосида давлат инспекторлари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилган.

Ўрганиш давомида Сирдарё туманидаги Шўрўзак ва Пешенгдон каналларидан, шунингдек, «ПЕНГ-ШЕНГ ЧАРМ» МЧЖга қарашли корхонанинг оқова сувларидан намуналар олиниб, лаборатория таҳлиллари ўтказилган.
Таҳлил натижаларига кўра, корхонанинг оқова сувларни тозалаш иншоотидан чиқарилаётган сув таркибида аммоний иони, нитритлар, фосфатлар ҳамда синтетик юзаки фаол моддалар миқдори белгиланган меъёрлардан юқори эканлиги аниқланган.

Шунингдек, Шўрўзак коллекторида сув сатҳининг пастлиги ва оқим тезлигининг сустлиги қайд этилган. Бу ҳолат ифлослантирувчи моддаларнинг сувда тўпланишига, эриган кислород миқдорининг камайишига ҳамда балиқлар ва бошқа сув организмларининг яшаш шароити ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, оқова сувлар таркибидаги органик моддаларнинг парчаланиши натижасида бадбўй ҳидлар пайдо бўлиб, коллектор атрофида истиқомат қилувчи аҳоли учун ноқулайликлар келтириб чиқариши эҳтимоли мавжуд.

Мазкур ҳолат юзасидан корхонанинг масъул мансабдор шахсига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 72 ва 95-моддаларига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, атроф-муҳитга етказилган салбий таъсир учун қўшимча компенсация тўлови ҳисобланган.
Бундан ташқари, корхонага берилган мажбурий кўрсатмалар белгиланган муддатда тўлиқ бажарилмаганлиги аниқланган. Шу муносабат билан, аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар корхона фаолиятини тўхтатиш масаласини кўриб чиқиш учун тўпланган ҳужжатлар суд органларига юборилган.

Экологик талабларга риоя этиш, оқова сувларни белгиланган меъёрлар асосида тозалаш ва сув ресурсларининг ифлосланишининг олдини олиш атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг муҳим шартларидан ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири