Шоира Орипова: Мадҳиямиз соф туркий сўзлардан яралган
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Давлат мадҳиямиз қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Давлат мадҳиямиз қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Фан, маданият ходимлари, адабиётшунослар, тарихчи олимлар, композитор ва санъатшунослар, ўқувчи-ёшлар иштирокидаги тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари М.Ҳожиматов, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Р.Абдуллаев, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори У.Тешабоева, шоир Шукур Қурбон, профессор ва режиссёр Келдиёр Хўжаёров ва бошқалар мадҳиямиз яратилиш тарихи, унинг мазмун-моҳияти ҳақида гапириб берди.
Таъкидланганидек, улуғ ижодкорлар Абдулла Орипов ва Мутал Бурхоновнинг заҳмат ва машаққатлари эвазига бугун Давлат мадҳиямизда она алласидек ёқимли оҳанг бор, унинг ҳар бир мисрасида улуғвор туйғулар билан бирга тантанавор ҳислар жамланган.
– Мадҳиямиз бир кечада ёзилган эмас. Унинг заҳматли тарихи бор, – деди Абдулла Ориповнинг қизи Шоира Орипова. – Мукаммал асар даражасига етиши учун бир неча ҳаловатсиз ойлар, уйқусиз тунлар ўтган. Уйимизда оддийгина пианина бўларди. Мадҳиянинг бир банди тайёр бўлдими, соат тунги икки-уч бўладими ёки эрта тонг, шу пианина чалинарди. Отам ва улуғ ижодкор Мутал Бурхонов мадҳиянинг тайёр бўлган матнини юракдан ижро этарди. Мадҳия тайёр бўлди, дегандан кейин ҳам уни қайта-қайта ўқиб чиқарди. Ҳар бир сўз устида икки уч кунлаб баҳс кетарди. Мадҳия сўзларига алоҳида аҳамият қаратилган. Зеро, унда бирорта ҳам ажнабий сўз иштирок этмаган, соф туркий сўзлар билан битилган. Ҳар йили улуғ-улуғ айёмларда мадҳия янграса отам руҳланарди, янги йил кечасида телевизорда мадҳия куйланганда қувончдан йиғлаб юборар эди.
Тадбирда йиғилганларга мадҳия тарихи ҳақида видеоролик намойиш этилди. Ўқувчи-ёшлар иштирокида “Мадҳияни қай даражада биламиз?” мавзуида викторина ўтказилди. Савол-жавобларда фаол қатнашган билимдон ўқувчиларга ташкилотчилар томонидан китоблар тақдим этилди.