Шоир ижоди тарғибига бағишланди
Шу кунларда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 72 йиллиги олдидан унинг номи, ижодини тарғиб этиш, асарлари мазмун-моҳиятини ҳамюртларимиз қалбига сингдириш мақсадида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, танлов ва шеърият кечалари шоир асарларининг янги-янги қирраларини очмоқда.
Андижон давлат университетида Муҳаммад Юсуф таваллуди куни олдидан ўтказилган шеърият кечаси ана шундай тадбирлардан бири бўлди.

Университет ўқитувчи ва талабалари иштирокидаги тадбирда талабалар томонидан шоир ижодидан намуналар ўқилди, унинг бой адабий меросини кенг тарғиб этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир талаба ёшлар қалбида миллий адабиётимизга, шеъриятга меҳр уйғотиш билан бирга, уларнинг маънавиятини, шоир ижоди ҳақидаги билимларини янада бойитишга хизмат қилди.
Шоир таваллуд куни олдидан ёшлар ўртасида китобхонликни, Муҳаммад Юсуф ижодини тарғиб этиш, адабиётга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида Марҳамат туманидаги Ёшлар кутубхонасида ўтказилган “Шеърият билимдони” танловининг иккинчи босқичида туманнинг 20 нафардан ортиқ ижодкор ёшлари иштирок этди.

Ҳақиқий шеърият байрамига айланган танлов иштирокчилари шоирнинг сара шеърларини ифодали ўқиш, ўзлари тайёрлаган видеороликлар билан шеърият борасидаги билим ва салоҳиятларини намойиш этди.


Якуний натижаларига кўра, танлов ғолиб ва совриндорларини шоирнинг қизи Нозима Юсупова ҳамда тадбир меҳмони, Бухоро вилоятидан ташриф буюрган, Муҳаммад Юсуф ижодининг мухлислари Руқия ва Бобомурот Эшшиев оиласи ташкилотчиларнинг эсдалик совғаларини топширди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.