Шоир эл қалбида яшамоқда
Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбари илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ривожига катта ҳисса қўшган бир қатор марҳум олим, шоир ва адибларни мукофотлаш тўғрисидаги Фармонга имзо чекди. Унга биноан, Ўзбекистон халқ шоири, Сирдарёнинг фахри Тўра Сулаймон ҳам “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Бу эътироф нафақат шоир фарзандларини, балки барча сирдарёликларни қувонтирди.


Тўра Сулаймон — халқ шоири, Гулистон давлат университети профессори сифатида кўплаб ижодкорларга устозлик қилган ардоқли инсон эди. Бугун орамизда бўлмасада, унинг «Интизор», «Ҳамқишлоқларим», «Сайҳон», «Сенсиз ёлғиз, ғариб бўлдим...», «Қоракўзгинам», «Жаҳоннома», «Жаҳонгашта», «Гул бир ён, чаман бир ён», «Илтижо» каби тўпламлари ҳануз адабиёт ихлосмандлари қалбини ром этиб келмоқда.. Шунингдек, «Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда», «Гул бир ён, чаман бир ён», «Қимиз йигитни тебратар, йигит сулувни тебратар...» каби қўшиқлари эса халқ орасида жуда машҳур бўлиб кетган.


Шоир умргузаронлик қилган уй ҳозир давлатимиз раҳбари ташаббуси билан музейга айлантирилган. Бугун Мирзаобод туманининг Турғун Аҳмедов маҳалласида жойлашган ушбу хонадонда мукофотни шоир фарзандларига топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, шоир ва публицист Абдунаби Бойқўзиев, Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Бекзод Исматов, Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раиси Норинисо Қосимова, маънавиятшунос олим Равшанбек Маҳмудов, туман ҳокими Абдураҳим Умаров ҳамда ижодкорлар, нуронийлар, шоир оила аъзолари ва ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.

Минҳожиддин Мирзо давлат раҳбарининг фармонини ўқиб эшиттирди ва шоирнинг ўғли Мирзо Сулаймоновга мукофотни топширди.
– Бу воқеа бутун халқимизни тўлқинлантирди десак, асло муболаға бўлмайди, – деди у. – Чунки бу эъзоз, аввало, миллат ва Ватан учун хизмат қилган инсонларга бўлган юксак эҳтиром ифодасидир. Тўра Сулаймон ана шундай инсонлардан эди. Унинг ҳар бир сатрида миллат қалбини, ҳар бир шеърида халқ руҳиятини ҳис этиш мумкин. Шу боис устоз шоирнинг эъзозланиши бежиз эмас. У қўшиқларидан бирида “Кетма, баҳор, менинг боғимдан” деган эди. Мана бугун устоз қадами теккан хонадонда туриб, унинг баҳори ҳеч қачон кетмаслигига, шоир юрт қалбида ҳамиша яшашига яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Шундан сўнг, шоирнинг қизи Зарифа Мусулмонқулова, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Абдунаби Бойқўзиев, Норинисо Қосимова, Равшанбек Маҳмудов ва Баҳор Холбековалар устоз ҳақидаги хотиралар билан ўртоқлашдилар.
– Биз Тўра аканинг тўгарагидан чиққанмиз, – деди шоира Баҳор Холбекова. – Устозимиз шу қадар камтар инсон эдиларки, шеърларини биз шогирдларига ўқитиб, фикримизни сўрар эдилар. Мустабид тузум ҳукмрон даврда ҳам ҳақ сўзни қўрқмай айтган. Бунга «Эргаш Жуманбулбул ўғли эл кезади» туркуми яққол мисолдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири