Шогирд камолида давом этган умр
1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни
Инсон ҳаётида айрим касб эгалари бўладики, уларнинг меҳнати натижасини рақамлар ёки йиллар билан ўлчаб бўлмайди. Чунки улар инсон ҳаётининг энг нозик, энг муҳим даврида – болаликдан бошлаб унинг қалби ва тафаккурига йўл очади. Ўқитувчилик ана шундай улуғ ва масъулиятли касблардан биридир.
Сожида Эшпўлатова ана шу шарафли касбга умрининг 25 йилини бағишлаган устозлардан.
Унинг бугунги устозлик йўлига назар ташлар эканмиз, йиллар давомида ўз касбига бўлган меҳри ва садоқати тобора мустаҳкамланиб борганини кўрамиз.
Сожида Эшпўлатова Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги 15-мактабда бошланғич синф ўқувчиларига таълим-тарбия бериб келмоқда. Унинг фаолияти боланинг қўлига илк бор қалам тутқазишдан бошланади. Бир қарашда оддийдек туюлган бу жараён аслида катта меҳнат ва сабрни талаб қилади.

Чунки болага ҳарф ўргатишнинг ўзи кифоя эмас. Унга ўқиш ва ёзиш билан бирга, тинглаш, фикрлаш, савол бериш, ўз фикрини ифода этиш, китобни севиш, атрофидаги инсонларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш каби фазилатларни ҳам сингдириш керак.
Бошланғич синф ўқитувчисининг меҳнати шу жиҳати билан ўзига хос. У боланинг мактабдаги илк қадамларига ҳамроҳ бўлади. Баъзан қўлидан ушлаб ҳарф ёзишни ўргатади, баъзан биринчи марта мустақил ўқиб берган сўзидан қувонади, баъзан эса кичик бир муваффақиятини катта ютуқдек қабул қилиб, болага янада ишонч бағишлайди.
Сожида Эшпўлатова учун ана шу кичик қувончлар йиллар давомида катта бахтга айланган.
Устознинг шогирдлари турли фан олимпиадаларида иштирок этиб, муносиб ўринларни эгаллаб келмоқда. Айрим ўқувчилари юқори натижаларга эришиб, миллий сертификатларга сазовор бўлгани ҳам меҳнатнинг самараси, албатта.
Бироқ Сожида устоз учун энг катта мукофотни диплом ёки сертификатда эмас, шогирдларининг камолида кўради.
– Ўқувчимнинг бирор ютуғини эшитсам, ўзим эришган ютуқдек қувонаман. Чунки устоз учун шогирдининг муваффақиятидан ортиқ бахт бўлмаса керак, – дейди у.
Бу гапларда 25 йиллик меҳнатнинг мазмуни мужассам. Зеро, ўқитувчи ўз шогирди учун қанча меҳнат қилганини эмас, шогирди ҳаётда қандай инсон бўлиб шаклланганини кўпроқ ўйлайди.
Сожиданинг ўзида ҳам устозлик касбига меҳр болаликдан шаклланган. Унинг илк устози Шарофат Бозорова унда ўқитувчилик касбига қизиқиш уйғотган. Бугун унинг ҳар бир шогирдига меҳр билан ёндашишида, касбига масъулият билан қарашида ана шу илк устознинг сабоқлари ҳам мужассам.
Сожида Эшпўлатова педагогика касбини нафақат масъулият, балки шараф деб билади. Унинг фикрича, бола билан ишлаш учун аввало унинг қалбига йўл топиш керак. Бунинг учун эса билимнинг ўзи камлик қилади – сабр, меҳр, эътибор ва самимият ҳам зарур.

Бугун 15-мактабда ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар ҳам бу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Замонавий жиҳозлар билан таъминланган, ёруғ ва шинам синф хоналарида болаларнинг сифатли таълим олиши учун зарур имкониятлар яратилган. Бундай шароитлар ўқитувчиларнинг самарали ишлаши, ўқувчиларнинг эса билим олишга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Дилшод Мусаевнинг таъкидлашича, Сожида Эшпўлатова мактаб жамоасида ўзининг масъулиятли меҳнати, шогирдларига эътибори ва касбига садоқати билан ҳурмат қозонган устозлардан.
– Сожида Эшпўлатова кўп йиллик тажрибасини бугунги таълим талаблари билан уйғунлаштириб келаётган фидойи педагогларимиздан. Унинг шогирдлари қўлга киритаётган натижалар замирида устознинг кундалик меҳнати, изланиши ва болаларга бўлган меҳри бор, – дейди Дилшод Мусаев.

Дарҳақиқат, ўқитувчининг меҳнати ҳар куни кўзга ташланавермайди. Унинг натижаси йиллар ўтиб намоён бўлади. Бугун биринчи синфда қўлига қалам тутган бола эртага катта мақсадлар билан ҳаётга қадам қўяди. Унинг қайси касбни танлаши, қандай инсон бўлиб шаклланиши, жамиятда ўз ўрнини топиши йўлида эса илк устозининг ҳиссаси беқиёс.
Сожида Эшпўлатова 25 йиллик фаолияти давомида ана шундай авлодларга сабоқ бериб келмоқда. Унинг меҳнати самараси эса бугун турли соҳаларда ўз ўрнини топаётган, билим ва салоҳияти билан юрт тараққиётига ҳисса қўшаётган шогирдлари мисолида намоён бўлмоқда.
Устоз учун энг катта ютуқ – шогирдининг ютуғи. Энг катта бахт эса унинг камолини, ҳаётда ўз ўрнини топганини кўриш. Зеро, устознинг умри шогирдларининг тақдирида давом этади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА