ШҲТнинг хавфсизлик бўйича Универсал маркази Тошкентда жойлашади
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Унда “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг хавфсизликка таҳдид ва чақирувларга қарши курашиш бўйича Универсал маркази тўғрисидаги Битимни (Тяньцзинь, 2025 йил 1 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Мазкур Битим билан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси негизида хавфсизликка таҳдид ва чақирувларга қарши курашиш бўйича Универсал марказ ташкил этилмоқда.

Марказ Тошкент шаҳрида жойлашади, Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш маркази эса унинг таркибий бўлинмаси мақомида Бишкек шаҳрида фаолият юритади.
Универсал марказ ташкилотнинг доимий фаолият юритувчи органи бўлиб, терроризм, сепаратизм, экстремизм ва трансмиллий уюшган жиноятчилик, шунингдек, уларнинг ахборот маконидаги кўринишларига қарши курашишда аъзо давлатлар ваколатли органларининг ҳамкорлигини мувофиқлаштиради.

Ҳужжатда марказнинг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифа ва функциялари, кенгаш ҳамда ижроия қўмитасининг ваколатлари, молиялаштириш тартиби, ходимларнинг ҳуқуқий ҳолати, имтиёз ва иммунитетлар, шунингдек, низоларни ҳал этиш тартиби аниқ белгилаб қўйилган.
Қонун Тошкент шаҳрининг минтақавий хавфсизлик архитектурасидаги мақомини мустаҳкамлайди. Ахборот маконидаги таҳдидларга қарши курашишда ҳамкорлик доирасини кенгайтиради. Мамлакатимиз ваколатли органларининг ШҲТга аъзо давлатлар тегишли тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА