Бугун, 27 март куни пойтахтимизда мукофот жамғармаси 138 миллион сўмдан иборат бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти халқаро ярим марафони бошланди.
Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислигидаги илк тадбир бўлган мазкур марафонда 2200 нафар спортчи ва ҳаваскорлар қатнашмоқда. Мусобақа дастурига биноан иштирокчилар 3 ва 21 километр масофада куч синашади.
Нуфузли мусобақа баҳсларини республикамизнинг энг тажрибали 80 нафар ҳаками бошқариб боради. Марафон тартибли, халқаро талаблар даражасида ўтказилишини таъминлаш учун ҳакамларга пойгалар давомида 230 нафар кўнгилли волонтёр техник-тактик томондан кўмак беради.
Марафонда эркаклар ва аёллар ўртасида 1-5 ўринларни эгаллаган иштирокчилар пул мукофотлари билан ҳамда ғолиб, совриндорлар медаллар билан тақдирланади.
Яна бир эътиборли жиҳати, ярим марафоннинг транцляцияси мамлакатимиз ва хорижий телеканаллар орқали туғридан-тўғри намойиш этилади.
Мамлакатимизнинг халқаро имижини белгилашда муҳим спорт тадбири бўлган мазкур марафон AIMS халқаро тузилмасининг “А” таснифидаги сертификациясига эгалиги сабабли унинг ташкилий жиҳатларини, иштирокчиларнинг натижаларини Халқаро енгил атлетика федерацияси ҳамда AIMSнинг техник экспертлари Илья Михайловский ва Адрианус Стевенц баҳолаб боради.
Т. Рўзиев, ЎзА.