Тошкентда бўлиб ўтаётган ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) X халқаро илмий-амалий конференцияси ва МДҲнинг терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича иккинчи конференциясида ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори Р.Мирзаев сўзга чиқди.
Ҳозирги геосиёсий жараёнлар давлатлар, энг аввало ШҲТ ва МДҲ мамлакатлари хавфсизлиги ва суверенитети учун янги чақириқларни шакллантирмоқда, бу айниқса, ИШИД, Ал-Қоида ва бошқа гуруҳлар томонидан террорчилик таҳдидлари юқори даражада бўлган шароитда муҳим аҳамиятга эга, – деди маърузачи.
Айни дамда, Афғонистонда амалдаги ҳукумат ҳокимият тепасига келганидан сўнг, мамлакатда ҳали ҳам фаолият юритаётган террорчилик гуруҳлари устидан назорат ўрнатиш ва уларни зарарлантириш бўйича самарали чора-тадбирлар қабул қилинаётгани қайд этилди. Бу ҳолат ўз навбатида, хавфсизлик таҳдидларига қарши кураш чораларини такомиллаштиришда Қобул ҳокимиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам бериш масаласининг долзарблигини оширмоқда, бу эса нафақат Афғонистон, балки қўшни мамлакатлар учун ҳам муҳимдир.
Ижтимоий тармоқлар ва мессенджерлар террорчилар ва одам ёлловчиларнинг тарғибот фаолиятида асосий восита бўлаётганига ҳам эътибор қаратилди. “Террорчилик интернационали”нинг медиа фаоллари бу соҳадаги фаолиятнинг шакл ва усулларини такомиллаштириб, уни ўзгарувчан шароитларга мослаштиришмоқда, экстремистик материалларни тарқатишнинг энг янги усулларини ўзлаштириб, аудиторияга таъсир ўтказишда замонавий технологиялар ва усулларни қўлламоқда.
Бу шароитда ҳозирги тадбирнинг ўтказилиши ШҲТ ва МДҲ маконида терроризмга қарши курашда ягона ёндашувни ишлаб чиқишни талаб этувчи хавфсизликка таҳдидлар яхши англанаётганидан далолат беради, - деди Р.Мирзаев.
ЎзА