Шанхай ҳамкорлик ташкилоти таъсис этилганининг 23 йиллиги муносабати билан Тошкентда Халқ дипломатияси маркази томонидан хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида брифинг ташкил этилди.
Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров маданий, илмий, маърифий дастурлар, делегациялар алмашинувини ташкил этиш, турли мавзуларда форумлар, бадиий кўргазма, мусиқа фестиваллари ва спорт тадбирлари ўтказиш мақсадида ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Айниқса сўнгги 6 йил ичида ташкилот фаолияти сифат жиҳатидан юқори даражага кўтарилгани таъкидланди.
Қ.Собиров Марказнинг оҳирги бир ярим йиллик фаолиятини сарҳисоб қиларкан, бугунги кунга қадар турли йўналишлар бўйича маҳаллий ва хорижий шериклар билан 16 та меморандум, ҳамкорлик шартномаси имзолаганини маълум қилди. Ҳисобот даврида ШҲТ халқлари маданияти ҳақидаги билимларни янада чуқурлаштириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, маданиятлар хилма-хиллигини сақлашга қаратилган 37 илмий-амалий анжуман, 27 кўргазма, маҳаллий ва хорижий ташкилотлар билан 61 учрашувлар уюштирилган, 1 та китоб нашр этилган. Миллатлараро ва динлараро тотувлик, цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлаш, аъзо давлатлар билан маданий-гуманитар алоқани кенгайтириш мақсадида 2023 йил бошидан буён маҳаллий ва хорижий босма ва электрон нашрларда 40 га яқин мақола, ахборот-таҳлилий материал чиққан.
[gallery-17869]
Брифингда ОАВ вакиллари Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси марказининг икки ва кўп томонлама алоқаларини ривожлантириш истиқболи юзасидан фикр алмашдилар.
Маълумки, Марказ томонидан 2021 йил Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, цивилизациялараро мулоқотни кучайтириш, ўзаро маданий-гуманитар алоқани кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида дўстона ҳамкорлик муҳитини қарор топтириш, ШҲТ мақсади, вазифаси ва фаолиятининг устувор йўналишлари ҳамда асосий тамойилларини тарғиб этишга йўналтирилган фаолиятни рағбатлантириш мақсадида “Халқ дипломати” кўкрак нишони таъсис этилган.
Ушбу нишон билан аъзо давлатларда халқ дипломатияси ривожига муносиб ҳисса қўшаётган давлат арбоблари, олим, ёзувчи, фан, санъат ва маданият соҳалари вакиллари, фуқаролик жамияти фаоллари, ёшлар, хотин-қизлар тақдирланади.
ШҲТнинг 23 йиллиги муносабати билан Марказ Мувофиқлаштирувчи кенгаши қарорига биноан халқ дипломатиясини ривожлантиришга ҳисса қўшган 50 га яқин шахсга “Халқ дипломати” кўкрак нишони топширилди.
Улар орасида мамлакатимиз вазирлик, идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, таълим муассасалари раҳбар ходимлари, бир неча мамлакатнинг юртимиздаги элчилари бор.
Шунингдек, тадбир доирасида Марказ раҳбари С.Герасимов номидаги Россия давлат кинематография институтининг Ўзбекистондаги филиали, “Олима аёллар жамияти” ва Чингиз Айтматов номли Халқаро Иссиқкўл форуми билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.
Ҳиндистоннинг Тагор номидаги халқаро мактаби ўқувчилари ҳамда Тошкент шаҳри "Баркамол авлод" болалар мактаби тарбияланувчилари иштирокидаги концерт дастури анжуман файзига файз қўшди.
Ушбу тантанали кеча мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётган халқ дипломатиясининг жамият ҳаётидаги беқиёс аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
Ғайрат Хонназаров,
Аслиддин Алижонов (сурат)
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.