ШҲТ аёллар овози: жамиятдан халқаро майдон сари
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг 25 йиллиги муносабати билан Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамкорлигида “ШҲТ аёллар овози: жамиятдан халқаро майдон сари” мавзусида аёллар форуми ташкил этилди.
Унда сенаторлар, Ёшлар парламенти аъзолари, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон ва Ҳиндистоннинг давлат, илмий ва жамоатчилик соҳаси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

ШҲТ Бош котиби ўринбосари Пиао Янфан видеомурожаати билан очилган форумда аёлларнинг илмий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, ёш олима ва тадқиқотчиларнинг халқаро илмий ҳамкорликдаги иштирокини кенгайтириш, илм-фан, таълим ва инновациялар соҳасида тажриба алмашишни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Сессияларда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, таълим ва илмий фаолиятдаги имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар юзасидан фикр алмашилди.

Форум доирасида Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ва Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат халқаро ва минтақавий миқёсда ёшлар ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ШҲТ маконида тинчлик, бағрикенглик ғоялари ва фуқаролик фаоллигини тарғиб этишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА