Шерзод Шерматов ёш мутахассислар билан учрашиб, муҳим вазифаларни муҳокама қилди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олган ва ҳозирда вазирлик ҳамда унинг тизимида фаолият юритаётган ёш мутахассислар билан учрашди.
Мулоқотда ёш кадрларнинг билим ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Давлат ташкилотларида иш жараёнларини янада такомиллаштириш, ички жараёнларни соддалаштириш ва ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш бўйича фикр алмашилди.

Шерзод Шерматов давлат бошқарувида замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Айниқса, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.

Хусусан, AI агентларни жорий этиш орқали кўплаб ички жараёнларни автоматлаштириш мумкин. Бу ходимларнинг вақтини тежайди, такрорий вазифаларни қисқартиради ва иш самарадорлигини оширади. Энг муҳими, маълумотларни тезкор қайта ишлаш ва қарор қабул қилиш жараёнларини жадаллаштириш имконини беради.
Учрашувда Research and Development, яъни R&D йўналишини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Илмий тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш ва давлат ҳамда хусусий секторда инновацион ишланмалар улушини ошириш муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди.

Ёш мутахассисларнинг янги технологик ечимлар яратишдаги иштирокини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди. Амалий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва илмий салоҳиятни иқтисодий қийматга айлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда Ўзбекистоннинг халқаро нуфузли рейтинглардаги ўрнини янада яхшилаш масаласи ҳам кўтарилди. Мамлакатнинг рақамли салоҳиятини ошириш ва глобал технологик майдонда рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашилди.
Рақамлаштириш жараёни фақат давлат бошқаруви билан чекланиб қолмаслиги кераклиги таъкидланди. Реал секторда ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш, саноат ва иқтисодиёт тармоқларига замонавий технологияларни кенг жорий этиш муҳим. Бу юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилади.
Ахборот технологиялари экспортини ошириш ҳам учрашувнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Хорижий бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш ва экспортбоп IT лойиҳалар устида ишлаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан хорижий бозорлар учун маҳсулот ва хизматлар яратаётган ёш мутахассисларнинг лойиҳалари билан танишилди. Уларнинг амалга ошираётган ишлари, мавжуд имкониятлари ва келгусидаги режалари ҳақида фикр алмашилди.
Мулоқотда замонавий ва юқори қўшилган қийматга эга даромад манбаларини кўпайтириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Рақамли хизматлар, IT маҳсулотлар ва интеллектуал меҳнат орқали янги иқтисодий имкониятлар яратиш мумкинлиги таъкидланди.
Шунингдек, соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган ҳуқуқий ва меъёрий масалалар муҳокама қилинди. Амалиётда учраётган муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш, зарур ҳолларда мавжуд тартибларни такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашув давомида вазир ҳар бир ёш мутахассис билан алоҳида суҳбатлашди. Уларнинг лойиҳалари, иш фаолияти ва келгусидаги режалари билан танишди.
Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларга ўз ғояларини амалга ошириш учун шароит яратиш муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА