Шеърият уммонининг жавҳари
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Алишер Навоий – шеърият уммонининг жавҳари” мавзусида тадбир ўтказилди. Унда Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этди.
Академия ректори Музаффар Комилов ҳазрат Алишер Навоийнинг бой илмий ижоди, маънавий маҳзанлари билан таништириш, асарларини мутолаа қилишга ундаш бугунги куннинг муҳим жараёни ҳисобланишини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Алишер Навоийдан авлодларга улкан, бебаҳо, туганмас адабий мерос қолди. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс жозибаси борлигини намоён этди.
Маърифий кеча давомида талабалар томонидан театрлаштирилган саҳна кўринишлари, миллий куй-қўшиқлар, ғазаллар ижро этилди.
Тадбир доирасида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган деворий газеталар ҳамда мумтоз шоирнинг китоблари кўргазмаси ташкил этилди.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдириб, Алишер Навоий ижоди билан яна бир бор яқиндан танишишлари учун хизмат қилди.
Адабий анжуман ниҳоясида самарали ҳамкорлик учун меҳмонларга Академия раҳбарияти томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Н.Усмонова, ЎзА