Шериклар хиёнати: альпинист ўлим ёқасидан қайтарилди
Австрия Альпида 20 ёшли германиялик альпинист ҳамроҳлари ташлаб кетгандан сўнг қийин аҳволда қолди. У денгиз сатҳидан 2 600 метр баландликда топилиб, 14 соатлик қутқарув амалиёти натижасида хавфсиз жойга олиб тушилди.
Маълум қилинишича, уч нафар олмон альпинисти ёмон об-ҳаво шароити ва огоҳлантиришга қарамай, шанба куни Хохкёниг тоғ тизмасидаги Кёнигсйодлер йўналиши бўйлаб йўлга чиққан. Улардан бири баландликда ҳаракатни давом эттира олмай, ёрдам сўраган. Ҳамроҳлар эса йўлда давом этиб, ёпиқ Матрасхаус бошпанасига етиб борган.
Қутқарувчилар кучли қор ёғиши ва кўриш масофаси чекланганига қарамай, ярим тунда жабрдийдани топган. Қарийб 20 сантиметр қор ва йўл кўринмай қолгани тушиш жараёнини ҳам хавфли қилган. Понгау тоғ-қутқарув хизмати раҳбари Герхард Кремзер айтишича, йигит яна бир тун тоғда қолганда тирик қолмаслиги мумкин эди. Ҳодиса юзасидан полиция текширув бошлаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА