Шердор мадрасаси пештоқи реставрация қилинади
Бугун Самарқанд шаҳридаги дунёга машҳур Регистон мажмуасида Шердор мадрасаси фасадини АҚШ элчисининг маданий ёдгорликларни сақлаш жамғармаси (AFCP) томонидан ажратилган грант асосида реставрация ва консервация қилиш лойиҳасининг навбатдаги босқичини бошлашга бағишланган маросим ўтказилди.
Маросимда шу кунларда ташриф билан юртимизда бўлиб турган АҚШ Давлат котибининг жамоат дипломатияси бўйича ўринбосари Сара Рожерс, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти бошлиғи Гаянэ Умерова ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник иштирок этди ва мазкур лойиҳанинг аҳамияти, ундан кутилаётган натижалар ҳақида сўз юритди.
Қайд этилганидек, ўтган йил бошланган ва 2028 йилгача давом этадиган лойиҳа АҚШ элчисининг маданий ёдгорликларни сақлаш жамғармаси (AFCP) томонидан ажратилган 500 минг долларлик грант билан қўллаб-қувватланмоқда. Бу мазкур жамғарма тарихида Ўзбекистонга берилган энг йирик гранти ҳисобланади.
[gallery-29765]
2001 йилда АҚШ Конгресси томонидан ташкил этилган ва Давлат департаменти томонидан бошқариладиган АҚШ элчисининг маданий ёдгорликларни сақлаш жамғармаси (AFCP) бутун дунё бўйлаб маданий мерос объектлари, археологик ёдгорликлар, музей коллекциялари ва бошқа маданий бойликларни асраб-авайлашни қўллаб-қувватлайди. Жамғарма шу пайтгача турли мамлакатларда 1200 дан ортиқ лойиҳаларни молиялаштирган ва АҚШ маданий дипломатиясининг энг кўзга кўринган воситаларидан бирига айланган.
– Ўзбекистонда AFCP томонидан 14 та лойиҳа қўллаб-қувватланган ва уларга 1,5 миллион доллар маблағ йўналтирилган, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти бошлиғи, Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (ACDF) раиси Гаянэ Умерова. – Аввалги лойиҳалар қаторига Хивадаги Тош-Ҳовли саройини сақлаб қолиш, Қашқадарё вилоятидаги XV асрга оид Лангар-Ота мажмуасини тиклаш лойиҳаларни санаш мумкин. Шердор мадрасаси фасадини реставрация ва консервация қилиш мазкур лойиҳаларнинг энг йириги ҳисобланади. АҚШ кўмагида амалга оширилаётган бу лойиҳалар давлатимиз томонидан маданий мерос объектларини асраб-авайлаш борасидаги ишларга муҳим ҳисса бўлиб қўшилмоқда ҳамда Ўзбекистоннинг маданий туризмнинг глобал маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Лойиҳани молиялаштириш ва амалга оширишнинг умумий назорати АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси, идоралараро мувофиқлаштириш Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (ACDF), тиклаш ишларига раҳбарлик қилиш ва маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги, техник экспертиза ва лойиҳанинг халқаро илмий ҳамжамият билан ўзаро алоқасини таъминлаш Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти (IICAS) томонидан олиб борилмоқда.
Реставрация лойиҳаси 2023 йилда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида имзоланган маданий мулклар тўғрисидаги битимни амалга оширишга ҳисса қўшади. Шартнома томонларнинг Ўзбекистон маданий меросини сақлашга бўлган узоқ муддатли мажбуриятини акс эттиради ва кўп йиллик Ҳаракатлар режаси доирасида қўшма ҳамкорликни янада ривожлантириш учун асос яратади.
Маросим давомида Жонатан Хеник ва Гаяне Умерова Ҳаракатлар режасини амалга оширишда ҳамкорлик қилишга бўлган умумий мажбуриятларини тасдиқловчи хатларни алмашди.
– Тўрт асрлик тарихга эга Шердор мадрасаси Марказий Осиё халқларининг ноёб меъморчилик салоҳияти, истеъдоди ва ижодий меросининг ёрқин намунаси бўлиб келмоқда – деди АҚШнинг мамлакатимиздаги элчиси Жонатан Хеник. – Бизнинг вазифамиз бу меросни аниқлаш эмас, балки уни сақлашга кўмаклашишдир. Реставрация, консервация ишларида қатнашаётган уста ва ҳунармандлар шунчаки плиткалар, мозаикаларни қайта тиклаш билан чекланмаяпти, улар ўзбек халқининг бир неча асрлик ёдгорликларини келажак авлодлар учун сақлаб қоляпти, бунинг янги усул ва технологияларини ўзлаштирмоқда. Америка Қўшма Штатлари айнан шу жараёнда ўзаро ҳамкорликнинг профессионал салоҳиятни ошириш, маҳаллий билимларни ҳурмат қилиш ва узоқ муддатли натижаларга эришишда ўз ўрни бўлишини истайди.
Лойиҳа давомида маҳаллий усталар маданий меросни тиклаш ва сақлаш бўйича мутахассислар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, ҳунармандчиликнинг узоқ йиллик анъаналарини замонавий халқаро консервация ва тиклаш стандартлари билан уйғунлаштирмоқда.
– Лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири вақт ўтиши билан жиддий шикастланган ва ўтган аср 70 йилларида амалга оширилган кенг кўламли тиклаш ишлари давомида киритилган ноаниқликларни ўз ичига олган мадраса асосий кириш эшиги устидаги Куфий ёзувини қайта тиклаш ва алмаштириш эди, – дейди Маданий мерос агентлиги тасарруфидаги Самарқанд минтақавий реставрация маркази раҳбари Баҳрулла Абдуллаев. – Биз тарихий манбаларни ўрганиб, олимлар ва бошқа масъуллар тавсиялари асосида марказимиз ходимлари, тажрибали уста-реставраторлар билан бирга уч ойда кириш пештоқида Куфий хатида Қуръон оятлари битилган кошинларни ўрнатишга муваффақ бўлдик. Энди мадрасанинг асосий элементи бўлган охуни қувиб кетаётган шер тасвирини консервация қилиш ишларига киришамиз. Чунки айни пайтда бу композиция анча шикастланган, турли воситалар орқали ўз жойида тутиб турилибди. Бундан ташқари мадрасанинг асосий порталидаги йиллар давомида зарар етган мозаика ва маёлика қопламалари, декоратив мармар элементлари, гумбаз ва миноранинг шикастланган қисмларини консервация қилиш ва тиклаш ишларини амалга оширамиз. Бугун бу борадаги режа ва лойиҳаларимиз ҳақида тақдимот қилдик, олимлар ва мутахассислар билан яна бир бор фикр алмашдик.
Тадбир давомида АҚШ элчихонаси вакиллари жорий йилда AFCP томонидан Регистон билан боғлиқ яна бир йирик лойиҳа амалга оширилишини билдирди. Яъни маданий мерос ва инновацион рақамли технологияларни бирлаштирган “Абадий Регистон” лойиҳаси яратилади. Мазкур лойиҳада АҚШ ишлаб чиқилган сунъий интеллект ва виртуал реаллик воситаларидан фойдаланиб, Регистоннинг 3D рақамли моделлари яратилади ҳамда улар орқали мажмуа бўйлаб виртуал саёҳатларни амалга ошириш ва таълим йўналишларида фойдаланиш мумкин бўлади.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари