Шерали Жўраев номидаги миллий мумтоз қўшиқлар танлови ғолиблари аниқланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 июлдаги “Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев хотирасини абадийлаштириш ва унинг ижодий мактаби анъаналарини муносиб давом эттиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Андижон вилояти маданият бошқармаси томонидан Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактабида Шерали Жўраев номидаги миллий мумтоз қўшиқлар телевизион танлови бўлиб ўтди.
Танловда ансамбллар ҳамда 10 дан 30 ёшгача бўлган 100 нафарга яқин қўшиқчилар иштирок этиб, ўзларининг мумтоз қўшиқчилик йўналишидаги иқтидор, маҳорат ва истеъдодларини намойиш этди.

Иштирокчиларнинг чиқишлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Илҳом Жўраев, Турсунбой Парпиев ҳамда “Ниҳол” мукофоти совриндори Гулмира Абдулаҳатова томонидан баҳолаб борилди.

Мазмунли, ранг-баранг қўшиқларга бой бўлган танловнинг якуний натижаларига кўра, 10–17 ёшгача иштирокчилар ўртасида Андижон шаҳридаги 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Илёсбек Умаров, 18-30 ёшгача иштирокчилар ўртасида Избоскан туманидаги 6-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Абдумажид Абдужалилов, бадиий жамоалар – ансамбллар ўртасида эса Избоскан туманидаги 25-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ансамбли биринчи ўринни қўлга киритди.
Танловнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА