Икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва учрашувлари натижасида Ўзбекистон – Хитой ҳар томонлама стратегик муносабати жадал ва барқарор тус олиб, ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб, янги босқичга кўтарилмоқда.
Мамлакатимизда бўлиб турган Шэньчжэнь тадбиркор аёллар уюшмаси раҳбари Чжао Хиньчжу бошчилигидаги делегация электротехника ва энергетика тармоғига оид технопарк, шунингдек “Fonon” заргарлик корхонаси фаолияти, тармоқнинг инвестиция ва экспорт салоҳияти билан танишди.
Ташриф доирасида Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси иштирокида Ўзбекистон – Хитой ишбилармон аёллар бизнес форуми ҳам бўлиб ўтди.
Ёшлар ижод саройидаги Ёшлар креатив паркида йўлга қўйилган бир неча лойиҳа, жумладан “Ибрат фарзандлари” тил ўрганиш маркази, “Шахмат клуби”, “Кулолчилик маркази”, “Анимация мактаби”, “Тасниф медиа”, “Волонтёрлар маркази”, кутубхона, дарс тайёрлаш ва овоз ёзишга мўлжалланган студияларни бирлаштирган “Креатив парк” хитойликларда илиқ таассурот қолдирди. Сўнгра меҳмонларнинг Ёшлар ишлари агентлиги фаолияти ва лойиҳалари билан танишиши асносида мамлакатимиз ёш тадбиркор қизлари билан учрашув ташкил қилинди.
[gallery-18382]
– Жорий йил 5-10 июль кунлари Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи амалга оширилди, – деди анжуман очилишида Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилнозахон Каттахонова. – Хизмат сафари давомида Ганьсу провинцияси Ланьчжоу шаҳри ва Пекинда ўзини ўзи бошқариш идоралари тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, фуқаролар билан ишлаш, айниқса ёшлар муаммоларини қуйи тизимдаёқ ҳал этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ўзаро тажриба алмашдик. Демак, мамлакатларимиз бугунги кунда нафақат иқтисодий, балки ижтимоий соҳада ҳам ҳамкорликни тобора мустаҳкамламоқда.
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги делегациямиз Пекин шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасида ватандошлар билан учрашув ҳам ўтказди.
Очиқ, самимий руҳда кечган мулоқот давомида ёшлар ва ватандошларимиз ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олди. Билдирилган таклиф, ташаббусларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Дарвоқе, ўша ташриф давомида Хитой саноат ва савдо федерацияси тадбиркор аёллар савдо палатаси президенти Чжао Хиньчжу хоним бошчилигидаги хитойлик тадбиркорлар билан Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича муҳим келишувга эришилганди.
Бугунги тадбир мазкур ҳамкорликнинг амалий натижасидир. Шу маънода Шэньчжэнь ва Ўзбекистон аёл тадбиркорларининг учрашуви ўзига хос амалий аҳамиятга эга.
Икки мамлакат энергетика, инвестиция, саноат, савдо, дизайн, заргарлик, олий таълим, фан ва инновация каби муҳим йўналишларда фаолият юритаётган тадбиркорлари иштирок этган анжуманда Чжао Хиньчжу хоним томонлар яқин келажакда самарали алоқаларни йўлга қўяжагига ишонч билдирди.
Учрашувда таълим, маданият ва туризм, қишлоқ хўжалиги, бизнес хизмат кўрсатиш, молия, инвестиция, халқаро савдо, заргарлик, дизайн, сунъий интеллект каби соҳа ва йўналишлар бўйича ўзаро тажриба, фикр алмашилди.
Тадбиркорлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида суҳбат, тақдимотлар ўтказилиб, ёшлар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантириш юзасидан савол-жавобларда фаол иштирок этди.
Ўзбекистон ва Хитой дўстлигини ифодаловчи маданий дастурлар йиғилганлар томонидан қизғин кутиб олинди.
Муҳаррама Пирматова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА