Қашқадарё вилояти Косон туманининг Пудина қишлоғида Шайх Қусам ота зиёратгоҳи жойлашган.
XII аср охири XIV аср ўрталарида яшаб ўтган Ибн Муҳаммад Қусам – буюк шайхлардан бири бўлган. Қусам ота ҳаёти Пудина қишлоғи билан бевосита боғлиқ. Ушбу қишлоқ жуда қадимий бўлиб, Қарши шаҳридан 19 километр узоқликда жойлашган.
Қусам ота даврида Пудина диний ва дунёвий илмларни тарғиб қиладиган жой сифатида танилади. Турли жойлардан толиби илмлар бу ерга илм олишга келади. Ўша вақтда қишлоқда мадраса, масжид, работ ва мусофирхоналар, шифохона, кутубхона, сардоба, ҳовузлар барпо этилган. Қусам ота талабаларга дарс беришдан ташқари, зироатчилик ва табиблик билан ҳам шуғулланган. Пудина ҳадисшунослик мактабида таълим олган талабалар замонасининг етук уломалари бўлиб етишган. Саид Амир Кулол, қаршилик Шамсиддин Кулол (Муҳаммад Тарағай ва Амир Темурнинг пири) Хўжа Ориф Ревгарий, Баҳоуддин Нақшбандий сингари улуғ зотлар илм олиш учун Пудинага Қусам шайх ҳузурига келган.
[gallery-19640]
Пудина ва Қусам ота ҳақида ўрта асрда яшаб ижод қилган муарриҳлар Муҳаммад Самоийнинг “Китоб ул ансаб”, Носриддин Ал Бухорийнинг “Туҳфат аз - Зоирин”, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафоҳат ул-унс”, шеърият мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоийнинг “Насойим ул муҳаббат” каби асарларида кўпгина маълумотлар учрайди.
Ҳозирда Шайх Қусам ота зиёратгоҳида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Обида қайта таъмирланиб, зиёратчилар учун барча шароитлар яратилаётир. Лойиҳа доирасида зиёратгоҳ атрофида меҳмонхона, кутубхона, нуронийлар чойхонаси, маҳалла гузари, автомобиллар тўхташ жойи, ноозиқ-овқат моллари дўкони, қушхона, кичик бозорча, ҳаммом, таҳоратхона каби иншоотлар қад ростлайди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/u8rOV09_4KA?si=ws8NXRZixQgEqOET" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жамшид НОРҚОБИЛОВ(сурат,видео),ЎзА