Шахмат: жаҳон чемпионати олимпиадага тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлди
Гонгконгда шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жамоалар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатининг блиц йўналишида бронза медалини қўлга киритган шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари “Ислом Каримов” номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Кутиб олиш маросимида иштирок этган спорт вазири ўринбосари Шахрилло Маҳмудов, Ўзбекистон шахмат федерацияси бош котиби Бобир Сатторов ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов, Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова ва Акжол Раҳматуллаевдан иборат “Ўзбекистон” жамоаси Магнус Карлсен, Аржун Эригаиси, Уэсли Со, Алиреза Фирузжа, Фабиано Каруана, Ричард Раппорт сингари дунёнинг энг кучли гроссмейстерларига эга 48 та жамоа орасида бронза медални қўлга киритгани ўзбек шахмат мактабининг халқаро майдондаги обрў-эътибори йилдан йилга юксалиб бораётганини яна бир карра намоён этди.
Таъкидланганидек, “Ўзбекистон” жамоаси мазкур чемпионатда бронза медалини қўлга киритиш билан бирга шахматчиларимиз ўз тахталарида ажойиб шахсий натижаларни қайд этди.

Хусусан, Нодирбек Абдусатторов 1-тахтадаги 19 та ўйинда 15.5 очко билан олтин, Умида Омонова аёллар ўртасидаги баҳсларда 12 та ўйиндан 9 очко билан кумуш, Акжол Раҳматуллаев 21 та ўйинда 14.5 очко билан кумуш, Шамсиддин Воҳидов 15 та ўйинда 8.5 очко билан бронза медалига эга чиққани маҳоратли шахматчиларимизнинг жорий йил сентябрь ойида Самарқандда 200 дан ошиқ миллий терма жамоалар иштирокида ташкил этиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига муносиб ҳозирлик кўраётганини амалда исботлади.

– Жамоалар ўртасида рапид ва блиц йўналишларида ўтган мазкур дунё биринчилиги терма жамоамиз учун юртимизда бўладиган шахмат олимпиадасига тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлди. Шахматчиларимиз рақибларининг техник-тактик жиҳатларини, уларнинг руҳий мувозанатини ўрганди. Жамоавий ўйин кўникмасини оширди. Бундан ташқари, истеъдодли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров учун шу йилнинг 23 ноябрь -17 декабрь кунлари 18-жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджуга қарши бўладиган мусобақага ўзига хос ҳозирлик вазифасини ўтагани билан ҳам аҳамиятли бўлди, – дейди Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Саидали Йўлдошев.
Эслатиб ўтамиз, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида мамлакатимизнинг учта шахмат жамоаси Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. Ўзбекистон-1 терма жамоаси таркибида Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов дона сурса, Ўзбекистон-2 терма жамоа сафида Абдумалик Абдусалимов, Жаҳонгир Воҳидов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ҳумоюн Бегмуротов, Ортиқ Ниғматов ҳаракатланади. Ўзбекистон-3 жамоаси Саидакбар Саидалиев, Баҳром Баҳриллаев, Алмас Раҳматуллаев, Муҳаммадали Абдураҳмонов, Асроржон Омоновдан иборат этиб белгиланган.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА