Шахмат тахтасидан “Мардлик” орденигача: чемпионлик ортидаги она матонати
Шахматдаги юқори натижалар ортида йиллар давомида қилинган меҳнат, мураббий кўрсатмалари, тинимсиз машғулот ва рақибнинг кейинги юришини олдиндан англай билиш қобилияти туради. Мамлакатимиз шахматчиларининг халқаро майдондаги ютуқларида парашахмат вакилларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Уларнинг ҳар бир натижаси шахматнинг имконияти кенг спорт тури эканини яна бир бор кўрсатмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва 3-Парашахмат олимпиадаси ғолиблари ва иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, бир гуруҳ истеъдодли шахматчилар муносиб тақдирланди.
Кўксарой қароргоҳида 29 сентябрь куни давлатимиз раҳбари иштирокида ўтказилган тақдирлаш маросимида парашахмат бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Аҳадхон Кимсанбоев “Мардлик” орденига муносиб кўрилди.
Бу каби эътироф ортида эса фақат бир спортчининг меҳнати эмас, унинг йиллар давомида ёнида бўлган, ҳар бир қадамини қўллаб-қувватлаган яқинларининг ҳам ҳиссаси бор. Зеро, фарзандининг ҳар бир ютуғи, айниқса, катта меҳнат ва сабр эвазига қўлга киритилган ғалабаси ота-она учун алоҳида қувончдир.

– Ўғлим шахмат билан тўққиз ёшидан бери шуғулланади. Аввалига дадаси билан ўйнарди. Дадаси эса шахматни бобосидан ўрганган. Шу тариқа ўғлимда ҳам бу спортга қизиқиш пайдо бўлди, – деди шахматчининг онаси Қаноат Файзуллаева. – Кейинчалик Фарғонадаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида машғулотларини давом эттирди. Ҳозир ўз мураббийси қўл остида шуғулланмоқда. Натижалари ҳам йилдан-йилга яхшиланиб борди. Шахмат билан шуғулланганидан буён бир неча бор Ўзбекистон ва жаҳон чемпиони бўлди. Яқинда Самарқандда бўлиб ўтган 46-Бутунжаҳон олимпиадасида ўғлимизнинг ҳар бир чиқиши, ҳар бир ўйинидаги вазиятларни диққат билан кузатдик. АҚШ, Ҳиндистон ҳамда Исроил вакиллари билан кечган шиддатли баҳсларга гувоҳ бўлдик. Фарзандларимиз учинчи ўринни олди, бу тарихий натижа.
Энг қувонарлиси, Президентимиз фармонига мувофиқ, “Мардлик” ордени билан тақдирланди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Самарқандда бўлиб ўтган 46-Бутунжаҳон олимпиадасида 200 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 2 минг шахматчи, жумладан, кучли гроссмейстерлар ва амалдаги чемпионлар жам бўлди. Олимпиадани бевосита кузатиш учун Самарқандга 60 мингдан ортиқ меҳмон келди, ҳудудлардаги фан-зоналарда қарийб 500 минг мухлис, телеэкран ва интернет орқали эса миллионлаб ватандошларимиз ўйинларни кузатди.
– Парашахмат олимпиадаси мен учун яхши ўтди, аммо тўлиқ қониқдим, деб айта олмайман, – деди Аҳадхон Кимсанбоев. – Чунки жамоамиз билан биринчи ўрин учун курашни мақсад қилгандик. Учинчи ўринни эгалладик. Албатта, бу ҳам ёмон натижа эмас. Лекин олдимизда ҳали янги мақсадлар бор. Навбатдаги парашахмат олимпиадасида жамоамиз билан биринчи ўринни эгаллашга ҳаракат қиламиз.
Шахсий натижамга келсак, мусобақада учта ғалаба ва тўртта дуранг қайд этдим. Энг муҳими , бирор марта ҳам мағлубият аламини тортмадим. Албатта, бу мен учун катта натижа, аммо тўхтаб қолиш ниятим йўқ. Олдинда бизни бундан ҳам юксак чўққилар ва янги ғалабалар кутмоқда.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА