Шахмат: Синдоров бугун Аниш Гири билан куч синашади
Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида ўтаётган “Superbet Chess Classic Romania 2026" халқаро турнирининг кеча якунланган 3-тур баҳсида Жавоҳир Синдоров қора доналарда франциялик Максим Вашье-Лаграв билан дурангга эришди.
Шунингдек, 3-турда нидерландиялик Аниш Гири оқ доналарда Франция шарафини ҳимоя қилаётган Алиреза Фирузжани, нидерландиялик Жорден ван Форест қора доналарда руминиялик Богдан-Даниэль Дикни мағлуб этган бўлса, Уэсли Со(АҚШ)-Фабиано Каруана(АҚШ), Рамешбабу Праггнанандха(Ҳиндистон)- Винсент Каймер(Германия) ўртасидаги баҳсларда муроса йўли танланди.

Бугун, 17 май куни мукофот жамғармаси 475 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг 4-турида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров оқ доналарда азалий рақибларидан бири Аниш Гири билан рўбарў келади.
Мазкур турда Уэсли Со-Богдан-Даниэль Дик, Жорден ван Форест- Праггнанандха, Винсент Каймер-Максим Вашье-Лаграв, Фабиано Каруана-Алиреза Фирузжа тўқнашувлари рўй беради.

Эслатиб ўтамиз, турнирда ғолибликни қўлга киритган шахматчи 100 минг, 2-ўрин соҳиби 65 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Халқаро турнирнинг сўнгги 9-тур мусобақалари 23 май куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА