Бугун, 21 май куни Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Sharjah Masters-2025” халқаро турнирининг 5-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Нуфузли мусобақанинг “А” гуруҳида биринчи рақам остида таснифланган ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ушбу турда қора доналарда венгриялик Адам Козакка қарши дона суради.

Шунингдек, шахматчиларимиздан Ортиқ Негматов оқ доналарда ҳиндистонлик Картик Венкатараман билан, Муҳиддин Мадаминов оқ доналарда қозоғистонлик Ринат Джумабаев билан, Жаҳонгир Воҳидов ҳам оқ доналарда эронлик Сина Мовахед билан куч синашади.
Кеча ўтказилган “Sharjah Masters-2025” турнирининг 4-тур баҳсида ишқибозлар Нодирбек Абдусатторов – Ортиқ Нигматов “дуэли”га гувоҳ бўлди.

Қизиқарли кечган баҳсда тажриба ўз сўзини айтди. 26-юриш ҳолатида устунликка эришган Абдусатторов ўз ҳисобига 1 очкони ёзиб қўйди.
Мазкур турда ҳамюртларимиздан Муҳиддин Мадаминов оқ доналарда ҳаракатланган Бирлашган Араб Амирликлари вакили Салих Салимга, Жаҳонгир Воҳидов хитойлик Тао Пангга имкониятни бой берди.

Мукофот жамғармаси 73 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг 5-тур ўйинлари остонасида “А” гуруҳида сербиялик Александр Инджич ва нидерландиялик Аниш Гири 3,5 очко билан етакчилик қилмоқда. Уларни тақиб этаётган 10 нафар иштирокчи ҳисобида 3 очко мавжуд.
Терма жамоамиз аъзоларидан Нодирбек Абдусатторов 3 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 10, Ортиқ Негматов 2,5 очко билан 20, Муҳиддин Мадаминов 1,5 очко билан 57, Жаҳонгир Воҳидов 1 очко билан 70-қаторда жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, “А” гуруҳида ғолибликка эришган шахматчи 15 минг АҚШ доллари билан тақдирланади. Турнирда 15-қаторгача бўлган ўринлардан жой олган шахматчилар мукофот жамғармасида белгиланган тегишли миқдордаги маблағга эга чиқади.
Т.Рўзиев, ЎзА