Шахмат: Жавоҳир Синдоров "Saint Louis Rapid & Blitz 2026” турнирида қатнашмоқда
АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида “Grand Chess Tour” сериясининг навбатдаги босқичи саналган “Saint Louis Rapid & Blitz 2026” турнири ўтказилмоқда. Унда маҳоратли шахматчилар Фабиано Каруана (АҚШ), Винсент Кеймер (Германия) Аниш Гири (Нидерландия), Жорден ван Форест (Нидерландия), Левон Аронян (АҚШ), Уэсли Со (АҚШ), Праггнанандха Рамешбабу (Ҳиндистон), Леньер Домингес Перез (АҚШ), Авондер Лианг (АҚШ) қаторида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров ҳам ғолиблик йўлида кураш олиб бормоқда.
Кеча халқаро мусобақа дастурига мувофиқ, рапид йўналишида 3 та тур ўйинлари бўлиб ўтди.
Истеъдодли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров илк турда оқ доналарда Аниш Гири билан, 2-турда қора доналарда Винсент Кеймер билан дуранг ўйнаган бўлса, 3-турда оқ доналарда Жорден ван Форестни мағлуб этди.

Умумий мукофот жамғармаси 200 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг ортда қолган 3 та тур ўйинларидан кейин Жавоҳир Синдоров қўшимча кўрсаткичлар эвазига 4 очко билан 3-ўринни банд этиб турибди.
Мусобақада 5 очко жамғарган Праггнанандха Рамешбабу етакчилик қилмоқда. Уни Уэсли Со ва Синдоров 4 очко билан таъқиб этмоқда. Бугун, 3 авгут куни “Saint Louis Rapid & Blitz 2026” мусобақасининг рапид йўналишида 4- ва 5-тур ўйинлари ташкил этилади.

Дастурга биноан 9 та турдан иборат рапид мусобақалари 5 августга қадар давом этади. Шундан сўнг 5-7 август кунлари 9 та турдан иборат блиц баҳслари ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, турнирда шахматчилар “Grand Chess Tour”нинг муҳим рейтинг очколари билан бирга, 1-ўринни эгаллаган шахматчига тақдим этиладиган 50 минг АҚШ доллари учун ҳам кураш олиб боришади.
Т.Рўзиев,
ЎзА