“Шахмат фестивали” ғолиблари аниқланди
Навоий шаҳридаги 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида “Шахмат фестивали” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Юртимизда шахматни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва уни оммавий спорт турига айлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мусобақада вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан саралаб олинган энг иқтидорли тарбияланувчилар ўзаро баҳс олиб борди.

Якуний натижаларга кўра, ўғил болалар ўртасида 1-ўрин Зарафшон шаҳридаги 15-давлат МТТ тарбияланувчиси Шоҳжаҳон Шамсиддинов, 2-ўрин Навоий шаҳридаги 8-давлат МТТ тарбияланувчиси Баҳром Нажмиддинов ва 3-ўрин Кармана туманидаги “Қувноқ даврим” давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат МТТ тарбияланувчиси Хуршид Миркомиловга насиб этди.

Қизлар ўртасида эса 1-ўринни Навбаҳор туманидаги 12-давлат МТТ тарбияланувчиси Нигина Абдураимова, 2-ўринни Навоий шаҳридаги “Аҳил оила” давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат МТТ тарбияланувчиси Малика Аҳмедова ва 3-ўринни Кармана туманидаги “Ўзбегим кидс” давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат МТТ тарбияланувчиси Севинч Саломова эгаллади.

Ғолиб ва совриндор болажонларга бошқарманинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
А. Бўриев, ЎзА