Шахмат бўйича “O‘zLiDeP кубоги” мусобақаси ўтказилди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташкил топганининг 23 йиллиги муносабати билан партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани Кенгаши томонидан шахмат бўйича “O‘zLiDeP кубоги” мусобақаси ташкил этилди.
Унда тумандаги 70 га яқин бошланғич партия ташкилотидан энг фаол партия аъзолари иштирок этиб, ўзларининг мантиқий фикрлаш, вазиятни таҳлил қилиш ва тўғри қарор қабул қилиш маҳоратини синовдан ўтказдилар.

Шахмат мусобақаси оддий спорт беллашувидан кўра кенгроқ мазмунга эга бўлди. Чунки шахматда ҳар бир юриш пухта ўйланган режа, сабр-тоқат ва рақиб ҳаракатини олдиндан баҳолашни талаб этади. Бу жиҳатлар партия фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, мусобақа иштирокчиларнинг нафақат шахматга бўлган қизиқишини намоён этиш, балки турли бошланғич партия ташкилотлари вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун ҳам имконият яратди.
Беллашув давомида иштирокчилар ўртасида қизғин ва муросасиз ўйинлар кечди. Айниқса, шахматга узоқ вақтдан бери қизиқиб келаётган фаоллар ўз тажрибаларини намоён этиш билан бирга, янги рақиблар билан куч синашиш имконига эга бўлдилар. Мусобақа давомида партиядошлар ўртасида самимий мулоқот ва ўзаро тажриба алмашиш муҳити шаклланди.

— Партия ташкилотига икки йилдан бери аъзоман. Партиянинг мақсад ва ғояларини қўллаб-қувватлаганим учун унинг тадбирларида фаол иштирок этиб келаман. “O‘zLiDeP кубоги”да қатнашиш менга катта қувонч бағишлади. Авваллари шахмат билан жуда қизиқиб шуғулланганман, бугун эса яна ўзимни синаб кўриш имконига эга бўлдим. Тумандаги бошқа бошланғич партия ташкилоти аъзолари билан танишиб, дўстона мулоқот қилганимиз ҳам мен учун муҳим бўлди. Иштирокчилар орасида ўйинни чуқур таҳлил қиладиган, кучли шахматчилар борлиги мени ҳайратлантирди, — деди мусобақа ғолиби Фарида Азимова.
Мусобақа якунига кўра, туман 1-сонли спорт мактабидаги бошланғич партия ташкилоти аъзоси Фарида Азимова биринчи ўринни эгаллади. Яшил техникумидаги бошланғич партия ташкилоти аъзоси Баҳром Давлетов иккинчи, Ахборот-кутубхона марказидаги бошланғич партия ташкилоти аъзоси Баҳорой Авазбердиева эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндорларга, шунингдек, фаол иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири