Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви давом этмоқда.
–Қадимда Тошкентнинг 12 та машҳур дарвозаси бўлганини барчамиз яхши биламиз. Бу дарвозалар фақат душманга ёпиқ бўлган, холос. Карвон тўла юк билан, қўлида китоб ва соз билан, қалбида пок нияти билан бу шаҳарга қадам қўйган меҳнаткаш, оқил ва олижаноб инсонлар учун бу дарвозалар худди Тошкент халқининг қалбидай ҳамиша очиқ бўлган. Биз бугун халқимизнинг эзгу анъаналарини давом эттириб, пойтахтимизда улкан бунёдкорлик ишларини олиб бормоқдамиз.
Мен Тошкент шаҳрида барпо этилаётган янги-янги иншоот ва масканларни, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистоннинг янги дарвозалари, деб атаган бўлардим. Мана, пойтахтимизнинг кунчиқар томонида барпо этилган янги Ўзбекистон боғи ва муҳташам Мустақиллик монументи, унинг ёнида қад кўтараётган халқаро аэропорт, шаҳар марказидаги осмонўпар Тошкент-Сити – буларни бунёдкорлик дарвозалари, деб атасак, айни ҳақиқат бўлади,– деди Шавкат Мирзиёев.
Таъкидлаш лозимки, Талабалар шаҳарчаси, янги-янги боғчалар, мактаблар, институт ва университетлар – булар худди келажакка очилган дарвозалар каби пойтахтимизга салобат ва файз бағишлаб турибди.
Айни пайтда, шаҳардаги ўнлаб замонавий корхоналар, Ай-Ти парклар – бамисоли тараққиёт дарвозалари бўлиб, миллий иқтисодиётимиз ривожига хизмат қилмоқда. Адиблар хиёбони, Ғалаба боғи, Наврўз боғи сингари муаззам масканлар – эзгулик ва қадрият дарвозаларидир.
ЎзА