Президентимиз Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатимизнинг ташқи сиёсатига алоҳида тўхталди.
– Биз прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия борасидаги муносабатларимизни янада ривожлантирамиз.
Энг аввало, Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини тобора кучайтириш бундан буён ҳам асосий мақсадимиз бўлади.
Минтақамизнинг ажралмас қисми, яқин қўшнимиз бўлган Афғонистонда тинч-осойишта ҳаётни тиклаш, бу мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун афғон халқига қўлимиздан келган барча ёрдамни кўрсатамиз.
Биз Афғонистон билан биргаликда йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдормиз.
Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва дунёнинг барча минтақаларидаги шерикларимиз билан ўзаро манфаатли ва кўпқиррали алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор берамиз.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари, Парламентлараро иттифоқ, халқаро молиявий институтлар ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан кўп томонлама муносабатларни янги, амалий маъно-мазмун билан бойитамиз.
Биз – дунёга, дунё – бизга очиқ бўлиши керак. Бугунги ҳаёт, бугунги тараққиётнинг талаби ҳам аслида шу. Биз ана шу ҳал қилувчи тамойилни албатта ҳаётимиз қоидасига айлантирамиз, – деди Президентимиз.
ЎзА