Шавкат Мирзиёев янги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратди
Давлатимиз раҳбари Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Гулистон шаҳридаги “Sirdaryo Best Fashion” корхонасида бўлди.
Давлатимиз раҳбари Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Гулистон шаҳридаги “Sirdaryo Best Fashion” корхонасида бўлди.Жорий йил март ойида фойдаланишга топширилган мазкур корхонада 500 га яқин одам иш билан таъминланган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари тўлиқ экспорт қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари корхона фаолияти билан танишди.
Замонавий ва энергиятежамкор технологик ускуналар билан жиҳозланган корхона бугун нафақат вилоятда, балки мамлакатимиз миёсида ҳам ўз ўрнига эга.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевга 2017-2018 йилларда вилоятда енгил саноат соҳасини ривожлантириш бўйича манзилли дастур ҳақида маълумот берилди. Дастурда болалар спорт кийимлари, трикотаж ва момиқ матолар, тайёр газлама, ип-калава ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Корхоналар 72 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, уларда 3 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.
Шавкат Мирзиёевга вилоятда ташкил этилаётган фармацевтика ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар лойиҳалари ҳақида ҳам сўзлаб берилди.
Янги ташкил этиладиган корхоналарда ишлаб чиқариладиган фармацевтика ва тиббиёт буюмлари импорт қилинаётган маҳсулотлар ўрнини босади.
Шавкат Мирзиёев яратиладиган иш ўринларига коллеж битирувчиларини кенг жалб қилиш кераклигини алоҳида қайд этди.