Шавкат Мирзиёев: Амалга оширилаётган ишларимиздан мақсад халқимизни бой қилиш
Президентимиз Яккабоғ туманида “Sag agro Yakkabog’” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилаётган ёнғоқзор ва бодомзорларни бориб кўрди.
Президентимиз Яккабоғ туманида “Sag agro Yakkabog’” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилаётган ёнғоқзор ва бодомзорларни бориб кўрди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, айниқса, лалми ер майдонларидан фойдаланишни рағбатлантириш ва самарадорлигини янада ошириш, экспортбоп ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳисобига замонавий ёнғоқ плантацияларини барпо қилиш ҳамда ёнғоқ етиштириш бўйича илмий асосланган усуллар ва интенсив технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда Президентимизнинг жорий йил январь ойидаги Қашқадарёга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида туманда “Sag agro Yakkabog’” масъулияти чекланган жамияти томонидан 25 миллиард сўм маблағ эвазига 1140 гектар майдонда ёнғоқзор ва бодомзорлар ташкил этиш режалаштирилган. Айни пайтда 700 гектар майдонда ёнғоқнинг «Chendler», «Cisco» ва бодомнинг «Аvijor», «Guara» навли кўчатлари ўтқазилди. Келгуси йил яна 440 гектар майдонда мазкур дарахт кўчатлари экилади. Ёнғоқзор 4 йилда, бодомзор 3 йилда ҳосилга киради.
Мазкур боғ тўлиқ барпо этилгач йилига 7 минг тоннага яқин маҳсулот олинади. 500 нафар маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланади. Етиштирилган маҳсулотнинг 60 фоизини экспортга чиқариш кўзда тутилмоқда. Корхона келажакда фаолиятини кенгайтириш ва экспорт ҳажмини оширишни режалаштирган.
Президентимиз бу ерга ёнғоқ кўчати ўтқазди.
Давлатимиз раҳбари маҳаллий табиий-иқлим шароитларга мос ёнғоқнинг серҳосил плантацияларини яратиш, ҳудудларда ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, маҳсулотни сотиш бозорларини кенгайтириш, ишлаб чиқилган инновацион технологияларни ёнғоқ етиштириш жараёнига жорий қилиш, ёнғоқ кўчатларини парвариш қилишга жалб этиладиган агрономларни ёнғоқ плантацияларида агротехник тадбирларни тўғри ўтказиш бўйича ўқитиш учун махсус тайёрлов курсларини ташкил этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Шу ернинг ўзида Қашқадарё вилояти туманларидаги захира ер майдонларида ўрмон хўжаликлари томонидан 2019-2020 йилларда писта, аччиқ бодом, ёнғоқ ва чаканда (облипеха) плантацияларини ташкил этиш ҳамда Қамаши давлат ўрмон хўжалигида куркачиликни ривожлантириш, мамлакатимиздаги ўрмон хўжаликлари ва фермер хўжаликларида писта плантациялари барпо қилиш, қоракўлчилик, узумчиликни ривожлантириш, «Nasaf agro impeks» МЧЖ томонидан Китоб туманида замонавий интенсив боғ ташкил этиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарига вилоятда балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди.