Шавкат Ҳамроев Осиё сув кенгаши вице-президенти этиб тайинланди
Бугунги кунда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, трансчегаравий сув масалаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва соҳада замонавий технологияларни жорий этиш долзарб аҳамият касб этади. Шу боис Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва миллий манфаатларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратяпти.
Яқинда Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида Осиё сув кенгашининг 25 ва 26-йиғилишлари, 5-Бош ассамблеяси ҳамда Осиё халқаро сув ҳафталиги доирасида ўтказилган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев бошчилигидаги делегациянинг иштироки ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди.
Учрашувлар давомида Осиё сув кенгаши, БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, Хитой ва Корея Республикаси вакиллари билан сув ресурсларини бошқариш, ирригация тизимини модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Корея Республикасининг “HSCMT Co., Ltd.” ва “Enertork Ltd.” компаниялари билан сув ресурсларини бошқариш тизимини модернизация қилиш ва ақлли ҳисоблаш технологияларини жорий этиш бўйича меморандум имзоланди. Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммоларни ҳал этиш ва сув хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Осиё сув кенгаши бошқарув кенгаши аъзолигига сайланди. Вазир Шавкат Ҳамроев эса 2026-2029 йиллар учун кенгаш вице-президенти этиб тайинланди.
Бу мамлакатимизнинг халқаро сув дипломатиясидаги мавқеини мустаҳкамлаш, миллий манфаатларни илгари суриш ва сув хўжалиги соҳасига хорижий инвестициялар ҳамда илғор технологияларни жалб қилиш учун янги имкониятлар яратади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА