Тошкент давлат шарқшунослик университетининг бакалавр ва магистратура таълим йўналишларини тугатган битирувчи-ёшларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Мамлатимизнинг энг нуфузли таълим масканларидан бири Тошкент давлат шарқшунослик университети ўзининг 107 йиллик тарихига эга. Ўтган йиллар давомида бу даргоҳни тамомлаган минглаб ёшлар бугун юртимизнинг етакчи соҳаларида фаолият олиб боришмоқда. Ушбу таълим масканида узоқ йиллардан бери араб, турк, япон, хитой, корейс, урду, форс, ҳинд каби 20 га яқин тиллар ёшларимизга мукаммал тарзда ўргатилиб келинади. Жорий йилда ҳам 2 та факультет ва 2 та институтни ҳам бакалавр ҳамда магистратура мутахассислиги йўналишларини 987 нафар битирувчи муваффақиятли тамомлади.
Тантанали диплом топшириш маросими унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Маросимда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, ота-оналар, таниқли шарқшунос меҳмонлар ҳамда битирувчилар иштирок этди. Тадбирни Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори, филология фанлари доктори, профессор Гулчеҳра Рихсиева очиб берди. У ўз нутқида битирувчиларга эзгу тилаклар билдириб, уларни келажакда юрт тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилишга чақирди.
Маросимда битирувчиларга дипломлар тантанали тарзда топширилди. Энг фаол, иқтидорли ва намунали битирувчиларга фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари ҳам тақдим этилди.
Зиёвуддин Нуриддинов, ЎзА