Шарафли ҳаёт йўли
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Юртимизда 9 май алоҳида маъно ва мазмунга эга муқаддас сана сифатида кенг нишонланади. Бу кун нафақат ўтганларни ёд этиш, балки уларнинг Ватан озодлиги, халқ фаровонлиги йўлида кўрсатган жасорати, садоқати ва фидойилигини қалбларда яна бир бор тирилтиради. Айниқса, бу каби эзгу анъаналар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, аждодлар меросини асраб-авайлаш ва уни ибрат мактабига айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур сана муносабати билан Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б.Муратов бошчилигидаги бир гуруҳ божхона ходимлари хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган божхона хизмати майори Шуҳрат Иноятов хотирасини ёд этиш мақсадида унинг хонадонида бўлди.

Учрашув давомида марҳумнинг хизмат фаолияти, юксак масъулияти, касбига бўлган садоқати ва Ватан олдидаги беқиёс фидойилиги чуқур эҳтиром билан эсга олинди. Қайд этилганидек, Шуҳрат Иноятов 2007 йилда хизмат вазифасини адо этаётган пайтда мардларча ҳалок бўлган. Унинг бу қаҳрамонлиги, шарафли ҳаёт йўли ва пок номи йиллар ўтишига қарамай ҳамкасблари ва яқинлари қалбида мангу яшамоқда.

Айниқса, унинг бошлаб берган шарафли йўли муносиб давом эттирилаётгани эътиборлидир. Фарзанди Шерзод Иноятов ҳам бугун божхона органлари сафида сидқидилдан хизмат қилиб, отасига хос жасорат ва масъулиятни намоён этмоқда.
Бундай самимий ва мазмунли учрашувлар ўтмишга ҳурмат, бугунга эҳтиром ва келажак авлод учун ибрат намунасидир. Зеро, инсон хотира билан барҳаёт, фидойилар эса халқ қалбида мангу яшайди.

Хотира ва қадрлаш куни каби улуғ сана орқали биз нафақат ўтганларни ёдга оламиз, балки улар қолдирган маънавий меросни асраб, уни келажак авлодга етказиш масъулиятини янада чуқур ҳис қиламиз. Чунки хотира яшар экан, жасорат унутилмайди, фидойилик эса доимо қадр топади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.