Шанхайда “Made in Uzbekistan” маҳсулотлари намойиши
Хитойнинг Шанхай шаҳрида IX Халқаро импорт кўргазмаси (CIIE) ўз ишини бошлади.
Мазкур халқаро тадбирда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” миллий стенди доирасида мамлакатимизда етиштирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳўл мевалар ҳамда вино-шарбатлар ҳам намойиш этилмоқда. Халқаро тадбирда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ходимлари иштирок этмоқда.

Инспекция матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, кўргазма доирасида Хитой, Туркманистон, Канада, Мексика, Италия ва Ҳиндистондан ташриф буюрган делегациялар, тадбиркорлар ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари миллий стенд билан танишди. Меҳмонлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат ва алкоголь маҳсулотларининг сифати, таъми ва қадоқланишига юқори баҳо берди.
Тадбир давомида Инспекция ходимлари, тадбиркорлар хорижий ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, давлатлараро кооперацияни ривожлантириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, инновацион технологияларни жорий этиш юзасидан музокаралар олиб бормоқда.

Маълумот учун, жорий йилнинг 5-10 ноябрь кунлари бўлиб ўтаётган халқаро кўргазмада дунёнинг 89 та давлати ўз миллий стендлари билан иштирок этаётир. Унда 8 мингдан ортиқ компания ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш қилмоқда.
Мазкур кўргазмада иштирок этиш маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш, Ўзбекистон миллий вино маҳсулотларини халқаро бозорларда кенг тарғиб қилиш ҳамда янги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.

Моҳигул Қосимова,
ЎзА