Шимоли-ғарбий Хитойдаги Шинжон-Уйғур автоном райони маъмурий маркази – Урумчи шаҳрида “ШҲТга аъзо давлатлар ОАВ ҳамкорлиги форуми-2025” анжумани иш бошлади.
Мамлакатнинг етакчи нашрларидан бири – “Жэньминь жибао” газетаси ва Шинжон-Уйғур автоном райони Халқ ҳукумати томонидан ташкил қилинган тадбирда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо, кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкор давлатларнинг ахборот соҳасига масъул вазирлик, идоралари, етакчи ахборот агентликлари, йирик ОАВ ва медиа тузилмалари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони партия қўмитаси котиби Ма Синжуй, “Жэньминь жибао” газетаси Бош директори Юй Шаолян ва ШҲТ Бош котиби ўринбосари Суҳайл Хон иштирокчиларни қутлади.
Анжуманнинг асосий маърузачилари қаторида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов ҳам сўзга чиқди. ЎзА раҳбари ўз маърузасида дастлаб Хитойнинг Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон билан сўнгги йилларда жадал ривожланаётган ҳамкорлиги, айниқса ахборот соҳасидаги изчил шериклик мавзусига тўхталди. Алоқалар мустаҳкамланишида давлат раҳбарлари ўртасида шаклланган, ўзаро ишонч ва яқин дўстликка асосланган муносабатлар ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақиятли фаолияти жаҳон миқёсида эътироф этилаётганига тўхталаркан, А.Кўчимов форум қатнашчилари эътиборини айни жараёнда ОАВ зиммасига ҳам улкан масъулият тушиши ва бу йўлда умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлигига қаратди.
Шунингдек, анжуманнинг биринчи кунида “Жэньминь жибао” газетаси ва “Хуаньцю шибао” (Global Times) газетаси Тадқиқот маркази томонидан тайёрланган “Умумий уйимиз – ШҲТ давлатлари ривожланиши бўйича ижтимоий сўров” ҳисоботи тақдим этилди. Сўров натижасига кўра, ШҲТ маконидаги халқлар “Шанхай руҳи”ни кенг миқёсда қўллаб-қувватлаб, турли соҳалардаги давлатлараро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қизиқиш билдирган.

Умуман, тадқиқот “Шанхай руҳи” ШҲТга аъзо давлатлар халқларининг минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга интилишини акс эттирган ҳолда, аввалгидек бирлаштирувчи куч бўлиб хизмат қилаётганини яққол намоён этган.
Форумда жаҳон оммавий ахборот воситалари олдида турган энг муҳим вазифалар юзасидан фикр алмашилмоқда.

Шерзод Исаев, ЎзА
Урумчи шаҳри, Хитой