Шаҳзод Музаффаровнинг Осиё чемпионатидаги кейинги рақиби қозоғистонлик боксчи
Шу кунларда Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида Asian Boxing ташкилоти томонидан катталар ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг 10 нафар эркак ҳамда 10 нафар боксчи қизлари қатнашмоқда.
Кеча чемпионатнинг илк кунида терма жамоамиз аъзоларидан Ҳавасбек Асадуллаев -70 килограмм оғирликда ҳиндистонлик Деепак ва Хуморабону Мамажонова -54 кило оғирликда таиландлик Натнича Чонгпронгкланг билан куч синашди ва ҳар иккала боксчисимиз ҳам ҳакамларнинг қарорига кўра, очколар ҳисобида рақибларига имкониятни бой берди.

Бугун, 31 март куни қитъа биринчилигининг иккинчи кунида терма жамоамизнинг етакчи боксчиларидан Шаҳзод Музаффаров -55 килограммда иорданиялик Маҳди Алмашалеҳ билан рўбарў келди.
Шиддатли кечган жангда Музафффаров рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва 5:0 ҳисобида зафар қучди. Энди Шаҳзодбек чорак финалда қозоғистонлик икки карра Жаҳон чемпиони Махмуд Сабирхан қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Эслатиб ўтамиз, 21 та давлатнинг маҳоратли чарм қўлқоп усталари иштирок этаётган қитъа чемпионати 10 апрелга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА