Шаҳрисабзда тарихий майдон янгича қиёфа касб этмоқда (+видео)
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида улуғ аждодимиз, буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ҳамда санъат ҳомийси Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги арафасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Юбилейни муносиб қарши олиш мақсадида шаҳар инфратузилмасини яхшилаш, тарихий масканларни ободонлаштириш ва замонавий қиёфа касб эттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, шаҳарнинг юраги ҳисобланган тарихий майдонда амалга оширилаётган ишлар ушбу жараённинг марказида турибди. Жумладан, Амир Темур хиёбони комплекс ободонлаштириш, фаввораларни таъмирлаш, эскириб қолган йўлаклар ва лотокларни янгилаш, йўллар ҳолатини яхшилаш ҳамда яшил ҳудудларни кенгайтириш ишларига алоҳида урғу берилди.
Амалий ишлар 858 квадрат метр ҳажмда брусчатка ётқизиш, 90 квадрат метр ҳудудда лотокларни янгилаш, 120 дона лотокни алмаштириш, 600 дона дандара ва 45 дона бордюрларни қайта ўрнатиш ишлари бажарилди.
Шу билан бирга, шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиш мақсадида кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам кенг қамровда олиб борилмоқда. Хусусан, 135 минг дона мавсумий гуллар, жумладан, суррия ва атиргуллар экилиб, 6 минг дона доимий яшил буталар ҳамда 8 минг 300 дона турли манзарали дарахтлар ўтқазилди.
[gallery-28587]
Мазкур ишлар нафақат юбилей тадбирларини муносиб ўтказишга хизмат қилади, балки Шаҳрисабз шаҳрининг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш, унинг тарихий қиёфаси билан замонавийлик уйғунлигини таъминлашга ҳам замин яратади.
Шубҳасиз, амалга оширилаётган бундай кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида Шаҳрисабз нафақат юртимиз, балки халқаро миқёсда ҳам янада жозибадор ва обод шаҳар сифатида намоён бўлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/kfGKKAASbmc" title="Shahrisabzda tarixiy maydon yangicha qiyofa kasb etmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари