Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Хатирчи туманидаги «Авохли» маҳалласида яшовчи Содиқ Очиловнинг мурожаатига асосан унинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судга даъво аризаси киритди.
С.Очилов 2021 йилда маиший техникалар олиш учун «Ипотека банк» АТИБ га мурожаат қилади. Банк томонидан ажратилган 24 миллион сўм пул маблағи тегишли тартибда Навоий шаҳар Навоий кўчасида жойлашган “TEXNO SHIVAKI NAVOIY” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.
2021 йил 10 апрелда тузилган 36-сонли шартномага асосан Сотувчи томонидан фуқарога умумий қиймати 24 миллион сўмлик икки дона 32 диагоналли ва уч дона 49 диагоналли телевизор ҳамда бир дона чанг ютгич етказиб бериши керак эди.
Аммо... жавобгар, яъни МЧЖ масъуллари шартнома шартларини қўпол равишда бузиб, истеъмолчига билдирмасдан ушбу товарларни ўзаро тил бириктириб бошқа бир шахсга бериб юборган.
Истеъмолчи МЧЖ савдо дўкон масъул ходимига юқорида кўрсатилган товарларни беришини сўраб бир неча маротаба мурожаат қилган бўлсада, ҳар хил баҳоналар билан шартнома талаблари бажарилмасдан қолаверган.
Истеъмолчининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида киритилган даво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди томонидан кўриб чиқилди ва ҳал қилув қарорига асосан ариза қаноатлантирилиб, жавобгар “TEXNO SHIVAKI NAVOIY” МЧЖдан фуқаро Содиқ Очилов фойдасига 24 миллион сўмлик маҳсулот, шунингдек бир миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.
Абдували Бўриев, ЎзА