Сессияда ғоят муҳим масалалар кўриб чиқилди
Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдаги 39-сессиясида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, маҳаллий бюджет ижроси, депутатлик назорати, микросаноат марказларини ташкил этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Шулар қаторида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Алимовнинг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан маърузаси эшитилди.
Маълум қилинишича, ҳисобот даврида Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакилига жами 376 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 187 таси Омбудсман девони орқали, 116 таси бевосита фуқаролардан, 34 таси маҳкум ва маҳбуслар ҳамда уларнинг яқин қариндошларидан, 39 таси эса сайёр қабуллар давомида қабул қилинган.
Мурожаатлар таҳлилига кўра, уларнинг 55 фоизи хотин-қизлар, 45 фоизи эркаклар ҳиссасига тўғри келган. Мавзу жиҳатидан эса 118 та иқтисодий, 116 та ижтимоий, 103 та сиёсий, 38 та шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, 1 та экологик ҳуқуқ билан боғлиқ масалаларни ташкил этган.
Ҳисоботда қайд этилганидек, мурожаатларни ўрганиш натижасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва мансабдор шахсларга 50 та таъсир чораси киритилган бўлиб, уларнинг барчаси қаноатлантирилган.
Сессияда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш, Омбудсман институти билан давлат органлари ҳамкорлигини янада кучайтириш, жойларда сайёр қабуллар ҳамда мониторинг тадбирлари кўламини кенгайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Алимовнинг таъкидлашича, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ва унинг қонуний манфаатлари туради.
— Биз учун мурожаатларнинг сони эмас, уларнинг мазмун ва натижаси муҳим. Ҳар бир мурожаат юзасидан холис ўрганиш ўтказиш, ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш ҳамда уларнинг такрорланишига йўл қўймаслик устувор вазифамиз ҳисобланади. Сессияда белгиланган вазифалар Омбудсман институтининг давлат органлари ва маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади, — деди Шуҳрат Алимов.
Сессия якунида кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, масъул идоралар олдига белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири