Сергелидаги замонавий хусусий клиникада аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифати ва қамровини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда соҳага инвестициялар жалб этиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, хусусий сектор фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Пойтахтимизнинг Сергели туманида фаолият юритаётган “Global International Hospital” хусусий кўп тармоқли тиббиёт маркази ана шундай замонавий тиббиёт муассасаларидан бири саналади. Айни пайтда марказ аҳолига талаб юқори бўлган кўплаб йўналишлар бўйича тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Тиббиёт марказини барпо этиш учун 30 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилган. Умумий майдони 0,5 гектар бўлган муассасада йилига 150 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Шу билан бирга, бу ерда йиллик хизматлар ҳажмини 15 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.
Марказда жарроҳлик, реанимация ва даволаш бўлимлари, шунингдек, ситуацион марказ фаолияти учун кенг ва замонавий шароитлар яратилган. Лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўрни ташкил этилган. Жамоада хорижда малака оширган 10 нафардан зиёд юқори малакали мутахассислар, шунингдек, чет эллик шифокорлар меҳнат қилмоқда.
Тиббиёт муассасаси Буюк Британия, Италия ва Германиядан келтирилган замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Хусусан, бу ерга PHILIPS компаниясининг илғор тиббий технологиялари ўрнатилгани диагностика ва даволаш жараёнлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
[gallery-30256]
Таъкидлаш жоизки, соҳада меҳнат қилаётган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, хусусий тиббиёт ташкилотлари сонини кўпайтириш ҳамда аҳолига сифатли, замонавий ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби замонавий марказлар эса тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида аҳолига муносиб хизмат кўрсатишга хизмат қилмоқда.
Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА