Сергелида жиноятчилик 8 фоизга камайди
Президентимизнинг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Божхона қўмитаси томонидан Тошкент шаҳрининг Сергели туманида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли муаммоларини тизимли ҳал этиш мақсадида Божхона қўмитаси, туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, солиқ ҳамда бошқа тегишли идоралар вакилларидан иборат махсус штаб фаолияти йўлга қўйилди.
Шу муносабат билан туманда жорий йил бошидан буён амалга оширилган ишлар ва уларнинг дастлабки натижалари билан оммавий ахборот воситалари ва блогерларни яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур давомида Божхона қўмитаси раиси ўринбосари О.Чориев ҳамда Сергели тумани ҳокими Д.Исматов иштирокчиларга амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берди.
Тадбир иштирокчилари Сергели автомашина бозорида ташкил этилаётган “Ситуацион марказ” фаолияти билан танишди. Шунингдек, Янги Бунёдобод маҳалласидаги ёшлар кутубхонасида наркожиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирида иштирок этди.
Бундан ташқари, Иттифоқ маҳалласида барпо этилаётган “Янги Сергели” 24/7 кўчаси ҳамда “Кўҳна Қумариқ” маҳалласида яқинда таъмирланган марказий кўп тармоқли поликлиника фаолияти намойиш этилди.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган — ўқувчиларнинг канал устидаги қувур орқали ҳаракатлангани билан боғлиқ ҳолатдан сўнг Жўнариқ маҳалласида қурилаётган кўприк иншооти ҳам журналистларга кўрсатилди.
Айни пайтда тумандаги 46 та маҳаллада 150 нафардан зиёд божхона ходими “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ва криминоген вазиятни юмшатиш бўйича фаолият олиб бормоқда.
Божхона ходимлари 6 та ишчи гуруҳга бўлинган ҳолда жиноятчиликни камайтириш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш, тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, ижтимоий объектлар ва инфратузилмани рақамлаштириш ҳамда муаммоларга илмий ечим топиш йўналишларида иш олиб бормоқда.

Шунингдек, Божхона институти томонидан тумандаги 25 та умумтаълим мактабида ёшларни гиёҳвандлик, жиноятчилик ва бошқа салбий иллатлардан асрашга қаратилган профилактик тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида маҳаллаларда жами 173 та жиноят аниқланган. Жорий йилнинг ўтган тўрт ойи давомида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони 8 фоизга камайган, жиноятларни фош этиш кўрсаткичи эса 1,5 баробарга ошган.
Туманда наркожиноятларга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Натижада бу турдаги жиноятлар фош этилиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 тага кўпайган.

Хусусан, Софдил ва Бунёдобод маҳаллаларида хонадонларда ташкил этилган иккита “нарколаборатория” фаолиятига чек қўйилиб, 6 килограммдан зиёд гиёҳвандлик воситалари ҳамда 40 килограмм кучли таъсир қилувчи моддалар далилий ашё сифатида олинди.
Шунингдек, 6,4 миллиард сўмлик 110 минг дона дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, 2 миллиард сўмлик 13,6 минг дона биологик фаол қўшимчалар, 2,1 миллион қути тамаки маҳсулотлари, 2 тоннага яқин истеъмолга яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ушлаб қолинди.
Яширин иқтисодиётни қисқартириш мақсадида солиқ органлари билан ҳамкорликда ўтказилган мониторинг ва профилактик тадбирлар натижасида қарийб 1,9 минг нафар янги тадбиркор рўйхатдан ўтказилди, 2023 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида расмийлаштирилди.

Тумандаги бозорлар ва йирик савдо комплексларида 374 миллиард сўмлик тушум таъминланиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 фоизга ошган. Қарийб 4 минг тадбиркор томонидан бюджетга 2,9 триллион сўм тушум йўналтирилиб, ўсиш 13 фоизни ташкил этган.
–Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, божхона ходимлари ташаббуси билан 1061 нафар фуқарога ижтимоий ва иқтисодий ёрдам кўрсатилди, – дейди Божхона қўмитаси матбуот хизмати бош инспектори Азиз Саидкулов. – Жумладан, 90 нафар фуқаро ногиронлик аравачалари, дори-дармон, тикув машиналари ва қурилиш материаллари билан таъминланди. 35 нафар фуқарога 298 миллион сўмлик банк кредитларини олишда кўмак берилди.

134 нафар фуқаронинг фуқаролиги расмийлаштирилди. 4 та боғча, 1 та мактаб, 1 та поликлиника, 4 та хонадон ва 1 та маҳалла биносининг иситиш тизими таъмирланди. 6 та лифтдаги носозлик бартараф этилди ва яна 5 та янги лифт ўрнатиш ишлари бошланди. 133 та низоли оила яраштирилди.
Шу билан бирга, тумандаги 46 та маҳаллада мавжуд 1569 та видеокузатув камераси ва видеосерверлар ўрганилиб, 782 та носоз қурилма қайта тикланди. Қўшимча равишда 375 та “Face ID” камераси ўрнатилиб, улар Ички ишлар вазирлигининг “Qalqon” ахборот тизимига интеграция қилинди.
Сергели тумани маҳаллаларида хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА