Сепида 800 дан зиёд китоб билан келган келин
Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани Шўрқудуқ қишлоғига Андижондан келин бўлиб тушган Насиба Иброҳимова ўзгача сепи билан кўпчилик эътиборини тортди. У янги хонадонга 800 дан зиёд китоб билан кириб келди. Бу ҳақдаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалгач, мазкур оила билан яқиндан танишиш истаги туғилди ва биз манзил сари йўл олдик.
Шўрқудуқ – вилоятнинг чекка ҳудудларидан бири. Пасту баланд сойликларда жойлашган қишлоқда аҳолининг асосий тирикчилиги чорвачилик ва деҳқончиликка боғлангани дарҳол кўзга ташланади. Кенг томорқалар, ўтлаб юрган қўй-қўзилар бунинг ёрқин далили. Яна бир жиҳат эътиборни тортади: хонадонлар ҳовли деворлари билан ўралмаган, дарвозалар деярли йўқ. Бу эса одамлар ўртасидаги ўзаро ишонч, самимият ва бағрикенглик ҳали-ҳамон мустаҳкамлигидан далолат беради.
Ниҳоят, маҳалла фаоллари ҳамроҳлигида китобхон келин яшайдиган хонадонга етиб келдик. Бизга самимий чеҳра билан пешвоз чиққан хонадон бекаси – келиннинг қайнонаси Меҳри опа Диёрова бўлди. У киши ҳовлига таклиф қилиб, анъанавий меҳмондўстлик билан супага гилам тўшаб, суҳбатга чорлади.
Бугунги кунда келин танлашда баъзан моддий жиҳатлар сеп-сарпо, зеб-зийнатларга ортиқча урғу берилаётгани сир эмас. Айрим ҳолларда эса бу ҳолат анъана тусини ҳам олиб бормоқда. Ана шундай вазиятда китобларни сеп қилиб келган келинни қабул қилган қайнонанинг фикрлари алоҳида қизиқиш уйғотди.
[gallery-28333]
– Ўғлим китобхон, зиёли бўлмаса, Андижон қаердаю Қашқадарё қаерда, бу қадар узоқдан келин бўлиб келмас эди, – дейди Меҳри опа. – Биз оилавий китобхонмиз. Шунинг учун келинимиз ҳам ишонч билан рози бўлди. Ўғлим Миржалолнинг китобга меҳри болалигидан шаклланган. Бунга сабаб, қайнотамнинг кичик кутубхонаси бор эди. У киши шифокор бўлиш билан бирга, адабиётга жуда қизиқар, шеърлар ёзарди. Мен ҳам келин бўлиб тушганимда ўша китоблар оламида улғайгандек бўлганман.
Опа ўзбек адабиётига меҳри баланд эканини таъкидлаб, Мирмуҳсиннинг “Меъмор” асари, шунингдек, Ўткир Ҳошимов, Ойбек, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад каби адиблар ижоди унда катта таассурот қолдирганини айтади.
Унинг таъкидлашича, келин танлашда ҳам у китобхонликка алоҳида эътибор қаратган.
– Келинимни синовдан ўтказганман, – дейди у кулиб. – Ўқиган асарлари, қаҳрамонлари ҳақида савол-жавоб қилдик. Дунёқарашимиз бир-бирига яқин эканини кўриб, рози бўлганман.
Ҳақиқатдан китобга меҳр қўйган ота-онанинг фарзанди ҳам шу руҳда камол топади. Миржалол Махматраимов ҳам шундай муҳитда улғайган. Унинг илк харид қилган китоби Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асари бўлган. Ушбу китобни у мактабда тушлик учун берилган пулларини тежаб, йиғиб сотиб олгани эса унинг илмга бўлган интилишини яққол кўрсатади.
Шу муҳаббат ва интилиш самараси ўлароқ, Миржалол вилоятнинг олис қишлоғидан чиқиб, ўз билими билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига грант асосида ўқишга киришга муваффақ бўлган.
Суҳбат давомида китобхон келин Насиба Иброҳимова ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
– Болалигимдан китобга қизиқиб ўсганман, – дейди у. – Ота-онам ўқитувчи бўлгани учун уйимизда доимо китоблар бўларди. Онам сабаб 3 ёшимдаёқ савод чиқарганман. Мактабга борганимда дарсликларни аввалдан ўқиб бўлганим учун дарслар баъзан зерикарли туюларди. Шу боис кўпроқ кутубхонага мурожаат қилардим.
Унинг айтишича, адабиётга бўлган қизиқиши, айниқса, тарихий асарлар орқали кучайган. Бугунги кунда унинг шахсий кутубхонасида турли соҳаларга оид китоблар жамланган бўлиб, уларнинг катта қисми тарихий ва илмий адабиётлардан иборат.
Ёшлар агентлиги тадбирларидан бирида Насиба ва Миржалолнинг танишуви уларнинг ҳаётида янги саҳифа очган. Китобга бўлган умумий меҳр уларни янада яқинлаштирган. Улар бир-бирига китоб совға қилишни одат қилган ва қисқа вақт ичида умумий кутубхонаси 1,5 минг нусхага яқинлашган.
– Китобларимизнинг тахминан 70 фоизини ўқиб чиққанман, – дейди Насиба. – Айрим асарларни қайта-қайта ўқийман. Чунки яхши китоб ҳар гал янги маъно очади.
Унинг таъкидлашича, улар келажакда фарзандларининг ҳам китобхон бўлишини истайди. Шу боис адабиётшунослик ва психологияга оид китобларни ҳам тўплаб бормоқда.
Қаҳрамонимизнинг яна бир қизиқиши – қадимий тангалар коллекцияси. Унинг айтишича, бугунги кунда турли давлатларга оид 40 га яқин тангаларни жамлаган. Уларнинг орасида Александр Македонский даврига тегишли нодир намуналар ҳам бор.
– Бу мен учун оддий хобби эмас, – дейди у. – Қадрли хотира ва маънавий бойлик. Шунинг учун уларни сотишни истамайман.
Дарҳақиқат, китобга меҳр инсон маънавиятини юксалтирувчи энг муҳим омиллардан бири. Бундай оилаларда улғайган фарзандлар ҳам илмга интилиб, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшади. Миржалол ва Насиба мисолида китобхонлик нафақат шахсий фазилат, балки оилавий қадрият даражасига кўтарилганини кўриш мумкин.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари