Ўзбекистон – Тожикистон: Икки халқни боғлаган маънавий кўприк
Бугунги кунда Марказий Осиёда кузатилаётган ижобий интеграция жараёнида маданий-гуманитар ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади, чунки айнан маданият, маънавият ва инсонлар ўртасидаги руҳий яқинлик давлатлараро муносабатларнинг энг мустаҳкам, узоқ муддатли пойдеворини яратади. Шу маънода Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки чуқур цивилизацион яқинликка таянган ҳолда ривожланаётгани аҳамиятли.
Таҳлилий тадқиқотлар маркази ходими Салима Ғуломова таъкидлашича, давлатларимиз етакчиларининг қатъий, изчил саъй-ҳаракатлари натижасида сўнгги йилларда икки мамлакат алоқалари жадал ривожланиб, стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Бу жараён маданий-гуманитар ҳамкорликни ҳам янги мазмун билан бойитиб, амалий натижага йўналтирилган босқичга олиб чиқди.
Маълумки, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги муносабат чуқур тарихий илдизларга эга. Яъни, Марказий Осиёда давлатчилик шакллана бошлаган даврларданоқ ўзаро маданий-маърифий, иқтисодий, дипломатик алоқа узвий ривожланган. Умумий тарих, муштарак маданият ва маънавий қадриятлар, яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари муносабатлар барқарорлигини таъминлаб келмоқда.
Айниқса, бугунги кунда маданий дипломатиянинг аҳамияти тобора ортмоқда. Давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашда маданий тадбирлар, ижодий алмашинув ва оддий одамлар ўртасидаги мулоқот муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда ўтказилаётган “Тожикистон маданияти ва киноси кунлари” доирасидаги тадбирлар икки халқ биродарлиги ва яқинлигини яна бир бор намоён этмоқда.
Мазкур тадбирлар доирасида ўзбек ва тожик халқлари бой маданий меросини намойиш этишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Наврўзи олам” номли уч авлод учрашуви, санъат усталари иштирокидаги “Дўстлик кечаси” гала-концерти, тасвирий санъат кўргазмалари ҳамда театр жамоалари саҳна асарлари намойиши маданий яқинликни янада мустаҳкамлайди. Бундай тадбирлар нафақат маданий меросни тарғиб этади, балки ўзаро англашув ва ишончни кучайтиради.
Бу жараёнда илмий жиҳатдан қатор муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш жоиз. Биринчидан, Тожикистон Республикасининг расмий нашри – “Жумҳурият” газетасида чоп этилган “Ўзбекистон – Тожикистон: ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш йўлидаги қатъий ирода” номли мақолада илгари сурилган ғоялар ёшлар учун муҳим аҳамиятга эга. Зеро, муаллиф икки халқни боғлаб турган тарихий, маданий ва иқтисодий ришталарни чуқур таҳлил қилган. Хусусан, 2024 йил 18 апрелда икки давлат раҳбарлари томонидан имзоланган иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома сиёсий мулоқотни кенгайтириш, гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ёшлар ўртасида ижодий алоқаларни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланган. Шу билан бирга мақолада 2025 йил Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари томонидан уч давлат чегаралари туташ нуқтаси бўйича делимитация тўғрисидаги келишув имзолангани ҳақидаги маълумот ҳам келтирилган. Ҳужжат Фарғона водийсидаги кўп йиллик муаммоларни ҳал этиш йўлида муҳим қадам ўлароқ баҳоланган. Бундай сиёсий ечимлар, ўз навбатида, маданий-гуманитар ҳамкорлик учун барқарор ва ишончли муҳит яратади.
Иккинчидан, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабалари иштирокида Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида ташкил этилган тожик рассомлари асарлари кўргазмаси ҳам ўзаро маданий яқинликнинг амалий ифодасидир. Мазкур кўргазма нафақат икки халқ санъат мактаблари уйғунлигини намоён этади, балки ёшлар ўртасида ижодий мулоқотни кучайтиришга ҳам хизмат қилади. Умуман, маданий ташаббуслар ёш авлоднинг дунёқарашини кенгайтириш, эстетик тафаккурини ривожлантириш ва касбий шаклланишига кўмаклашиш воситасидир. Шу маънода маданий алмашинув нафақат маънавий яқинликни таъминлайди, балки интеллектуал тараққиёт учун ҳам мустаҳкам замин яратади.
Замонавий глобаллашув шароитида маданият фақат маънавий қадрият эмас, балки ёшлар учун рақобатбардош интеллектуал ва ижодий ресурс сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Бугунги ахборот маконида ғоя, маданий маҳсулот ва ижодий индустрия давлат имижини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик нафақат ички ижтимоий барқарорлик, балки халқаро майдонда маданий таъсирни кучайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Ўз навбатида, маданий алоқаларнинг институционал асоси ҳам мустаҳкамланмоқда. Таълим, илм-фан ва ижод соҳаларида янги лойиҳалар изчил илгари суриляпти. Олий таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқот ва конференциялар ўтказилиши ёшлар ни ҳамжиҳатликка ундамоқда.
Учинчидан, мамлакатимизда истиқомат қилаётган тожик миллатига мансуб аҳолининг она тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини асраш ҳамда ривожлантиришга қаратилган сиёсат ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Қарийб 1,6 миллион нафар тожик миллати вакилларининг ҳуқуқи ва манфаатини таъминлаш, уларнинг миллий ўзлигини сақлаш учун яратилган шароитлар Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик сиёсати изчил амалга оширилаётганидан далолат.
Бу жараён маданий-гуманитар ҳамкорликни ички ижтимоий барқарорлик билан уйғунлаштиришнинг самарали модели сифатида намоён бўлмоқда. Зеро, бир мамлакат ичидаги маданий хилма-хилликни асраш ва қўллаб-қувватлаш қўшни давлатлар билан муносабатни мустаҳкамлашда ҳам муҳим омил ҳисобланади. Жумладан, 2025 йил Ўзбекистон делегациясининг Душанбе шаҳрида ўтказилган Наврўз ёшлар фестивалида иштирок этиши, шунингдек Алишер Навоий номли Давлат академик катта театри жамоасининг Садриддин Айний номидаги театр саҳнасидаги чиқишлари маданий алоқалар янги босқичга кўтарилганини исботлайди.
Айниқса, Самарқанд ва Душанбе шаҳарларида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийга ҳайкал ўрнатилгани икки халқни боғлаб турган тарихий ва маънавий риштанинг рамзий ифодаси сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Бу каби маданий рамзлар ёш авлод учун умумий цивилизацион меросни англаш ва қадрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга маданий-гуманитар алоқаларнинг келгусидаги ривожи рақамли технология, креатив индустрия ва медиа платформалар орқали янада кенгайиши кутиляпти. Қўшма кино лойиҳалари, рақамли маданий архивлар, онлайн таълим платформалари ва виртуал кўргазмалар айни йўналишда янги имкониятлар очади.
Хулоса қилиб айтганда Ўзбекистон ва Тожикистон маданий-гуманитар ҳамкорлиги бугунги кунда давлатлараро муносабатнинг энг барқарор ва таъсирчан йўналишига айланди. Ушбу ҳамкорлик нафақат икки халқ ўртасидаги тарихий яқинликни мустаҳкамлайди, балки мавжуд алоқаларни замонавий мазмун билан бойитиб, келажак авлодлар учун мустаҳкам маънавий пойдевор яратади.
Айниқса, ёшлар ўртасидаги маданий алмашинув, таълим ва ижодий ҳамкорлик давлатлараро муносабатларнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлайдиган стратегик омилдир. Шу маънода маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш нафақат икки мамлакат, балки бутун Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт таъминланишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА