Сенат ялпи мажлисида “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилгани таъкидланди. Унда давлат ижтимоий суғуртасининг амал қилиши, суғурта ҳодисаси, суғурталанган шахс, суғурталовчи, суғурта қилдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланган.

Қонунда давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари манбалари, суғурта бадали ставкаси, суғурта бадалларини тўловчилар, давлат ижтимоий суғуртаси молиявий барқарорлигининг давлат кафолатлари, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш каби қатор масалалар назарда тутилган.

Сенатор Ҳусан Эрматов ушбу қонуннинг айрим нормаларини қайта кўриб чиқиш ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштириш лозимлигига эътибор қаратди. Хусусан, қонунда ваколатли органнинг ваколатлари ва вазифалари очиб берилмаган.

Қонунда ўндан ортиқ ҳаволаки нормалар мавжудлигига урғу берилди. Бу эса қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилишига салбий таъсир кўрсатишига олиб келиши қайд этилди. Қонун қабул қилиниши натижасида амалдаги қонунларга ўзгартиришлар киритиш масаласи қонунда назарда тутилмаган.

Сенаторлар ушбу камчиликлар бартараф этилиши лозимлиги хусусида ўзларининг таклифларини билдирди. Муҳокама натижалари бўйича қонун сенаторлар томонидан рад этилди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА