Сенатор ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг бандлиги ва ижтимоий фаоллиги билан танишди
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова “Dugonalar” ногирон аёллар жамиятига ташриф буюрди.
Бу ерда сенатор ногиронлиги бўлган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ўрганишлар давомида ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаол иштирокини кенгайтириш, иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, замонавий касб-ҳунар ва ахборот технологиялари бўйича билим ҳамда кўникмаларини оширишга қаратилган амалий ишлар кўздан кечирилди.
Марказ ногиронлиги бўлган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини кенгайтиришга ихтисослашган.
Бу ерда тикувчилик, пазандачилик, ахборот технологиялари ва спорт йўналишлари бўйича зарур шарт-шароитлар яратилган, машғулот хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

Мазкур марказ орқали минг нафар ортиқ ногиронлиги бўлган хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, рақамли технологиялар бўйича билимларини ошириш, соғлиғини тиклаш ва ижтимоий мослашувини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Учрашув давомида жамият фаоллари ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг мурожаатлари ҳам эшитилди. Хусусан, жамоат транспорти хизматларидан фойдаланишда учраётган муаммоларни ҳал қилиш, инфратузилманинг инклюзивлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Сенатор томонидан кўтарилган масалаларни амалдаги қонунчилик доирасида ўрганиш, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда уларнинг ечими юзасидан тегишли чораларни кўриш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА