
Хабарингиз бор, Олий Мажлис Сенати ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ томонидан маҳаллий кенгашлар фаолияти ўрганилмоқда.
Ушбу жараён доирасида Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова иштирокида пойтахтдаги халқ депутатлари Чилонзор ва Олмазор туманлари кенгашларининг фаолияти таҳлил қилинди.

Ўрганишлар давомида маҳаллий кенгашлар самарадорлигини ошириш, қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини таъминлаш ва доимий комиссияларнинг ролини кучайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Шунингдек, депутатларнинг “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорлиги ҳамда туманларнинг 2025 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ижросини назорат қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, кенгашнинг иш режалари, доимий комиссиялар фаолияти, депутатларнинг “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорлигини назорат қилишдаги роли тўғрисида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Мазкур тадбирлар маҳаллий кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва ҳудудларнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА