Бугун, 2025 йил 25 июнь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда.

Ялпи мажлис кун тартибига жамият, сиёсат, иқтисодиёт, қонунчилик, халқаро ҳамкорлик ва инсон ҳуқуқлари соҳаларига оид бир қатор муҳим қонунлар ҳамда парламент назорати доирасидаги масалалар киритилган.
Жумладан, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Сенат ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари олдида турган биринчи даражали вазифалар муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, парламентда сиёсий хилма-хилликни таъминлаш, очиқлик ва мунозара муҳитини ривожлантириш мақсадида мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун кўриб чиқилади.
Сенаторлар томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда кафолат маблағларини жорий этиш юзасидан қонунга таклиф этилаётган ўзгартиришлар ҳам муҳокама этилади.
Мажлисда иқтисодий, аграр, экологик ва инвестиция соҳаларига оид айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунлар кўриб чиқилади.
Халқаро ҳамкорликка оид масалалар доирасида Туркий давлатлар ташкилотининг Фуқаро муҳофазаси механизмини ташкил этиш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш, шунингдек, Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисидаги қонунлар қабул қилиниши кутилмоқда.
Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади.
Ялпи мажлисда инвестиция муҳитини яхшилаш, меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш ҳамда вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга парламент сўровлари юбориш масалалари ҳам кўриб чиқилади.
Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА