Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилди.
Мажлисда маъруза қилган Сенат Раиси халқимиз мамлакатимиз Президенти бошчилигида кенг қамровли ислоҳотлар йўлидан бораётганини қайд этди. Барча соҳаларда, ҳудудларда янгиланиш ва улкан бунёдкорлик ишлари шиддат билан амалга оширилмоқда.
– Умуман олганда, тарихан қисқа даврда кўлга киритган натижаларимизни бутун дунё эътироф этмоқда, – деди Т.Норбоева. – Олиб борилаётган фаол ташқи сиёсат мамлакатимизнинг нафақат минтақада, балки глобал даражада нуфузини оширмоқда. Тинчлик, барқарорлик, ҳамкорлик ва тараққиёт масалаларига бағишланган муҳим халқаро тадбирларга мезбонлик қилиш Ўзбекистонни жаҳон сиёсати марказларидан бирига айлантирди. “Келажакка сармоялар” шиори остидаги Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити яқинда айнан юртимиз (Самарқанд)да ўтказилгани – халқаро майдонда ислоҳотларимизга бўлган ишонч ва юксак эътироф белгиси бўлди. Бундай эътироф дунё ҳамжамияти билан барча соҳаларда тенг, манфаатли ва ишончли ҳамкорлик ришталарининг янги истиқболларига замин яратиши шубҳасиз.
Мажлисда халқаро алоқаларнинг кун сайин кенгайиб, янгича мазмун билан бойиб бораётгани парламентлараро ҳамкорликда ҳам яққол намоён бўлаётгани эътироф этилди. Бунинг ёрқин мисоли – яқинда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси минтақада илк бор бизнинг юртимизда муваффақиятли ўтказилганидир.
Ассамблеяда Президентимиз Шавкат Мирзиёев глобал ва минтақавий тинчлик, хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган низолар, иқлим ўзгаришлари, ижтимоий ҳимоя, сунъий интеллект, ёшлар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари каби масалалар бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди. Мазкур ташаббуслар нуфузли анжуман якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент декларациясида ўз ифодасини топди.
Сенат ялпи мажлисида муҳим ўрганишлар, таҳлиллар, саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Ўрганиш натижалари ҳудуднинг ўзида муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 28 март кунги сайёр мажлисида Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Камчиликлар очиқ-ойдин айтилди. 20 нафардан зиёд масъулнинг эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги бўйича хулоса ва таклифлар берилди. Бу борада тегишли чоралар кўрилади. Муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар, жумладан, Тўрткўл туманини коррупциядан холи ҳудудга айлантириш бўйича тегишли тадбирлар белгиланди.
Ялпи мажлис биринчи иш кунида мамлакатимизни иқтисодий ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш, мудофаа ҳамда суд-ҳуқуқ тизими самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим қонунлар муҳокама қилинди. Жумладан, сенаторлар банкларни санация қилиш ва тугатиш, иссиқхона газлари чиқарилишини чеклаш, давлат мудофаа буюртмаси, ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар қарорларини самарали ижро этишга доир қонунларни маъқуллади.
Мажлисда муҳокама қилинган масалалар, маъқулланган қонунлар юртимиз равнақига, аҳоли, тадбиркорлар учун муносиб ижтимоий-иқтисодий шароитлар, имконият ва енгилликлар яратишга, ҳудудлар, соҳа ва тармоқларни ривожлантиришга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4E1U_9m8u_I" title="Senatning oltinchi yalpi majlisida qanday masalalar ko`rib chiqilmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова,
Дониёр Ёқубов (видео),
Анвар Аҳмедов (монтаж), ЎзА