Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлиснинг биринчи иш кунида аҳолига психологик ёрдам, ер қаъри, ер участкаларини ижарага бериш, маҳаллий кенгашлар ваколати, оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш, маърифий фаолият, маъмурий жавобгарлик доирасини кенгайтириш билан боғлиқ қонунлар маъқулланди.
Ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, махсус иқтисодий зоналар, тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳисоботларни давлат органларига тақдим этиш жараёнларини соддалаштириш, давлат харидлари, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид қонунлар кўриб чиқилади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенцияси (Женева, 1981 йил 22 июнь) ратификация қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза сенаторлар эътиборига ҳавола қилинади.
Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида сайтимизда ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Н.Абдураимова, Н. Ҳайдаров (сурат), ЎзА